Ўзбекистон | 15:09 / 18.04.2020
17370
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада яна 4 нафар бемор соғайди

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 2 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 6 нафарга етди

Фарғона вилоят юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус инфекциясига чалинган 4 нафар бемор бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, соғайганларнинг уч нафари (икки нафари Тошкент шаҳридан, бир нафари эса Андижон вилоятидан) чартер рейс орқали Туркиядан Фарғонага келган бўлиб, Олтиариқ фахрийлар санаторийсида карантинга олинган эди. Уларда коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Бир нафар фарғоналик бемор коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтирган. 

Беморларнинг 3 нафари эркак, бир нафари аёл бўлиб, улар орасида энг ёши каттаси 59 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 22 ёшда.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 2 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 6 нафарга етди.

Эслатиб ўтамиз, мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 168 нафар бемор тўлиқ соғайди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид