Тахминан 1600 нафар тиббиёт ходими Канаданинг Виндзор шаҳридан АҚШнинг коронавирус авж олган Детройт шаҳрига қатнаб ишламоқда. Аммо улар вирус ташувчиси бўлиб қолиши мумкин, деган хавотирлар бор.

АҚШнинг Детройт ва Канаданинг Виндзор шаҳарларини Детройт дарёси ажратиб туради. Икки томонни сувости туннели ва Элчи деб ном берилган йирик кўприк боғлаб туради.

The New York Times чоп этган «Детройтда улар қаҳрамон, Канадада эса уларни потенциал хавф деб кўришмоқда» сарлавҳали мақолада шу ҳақда сўз боради.

Пандемия туфайли АҚШ-Канада чегарасини кесиб ўтиш ҳозир кўпчилик учун иложсиз. Лекин Лаура Дуфресне каби Канадада яшаб, АҚШда ишлайдиганлар учун чегарани кесиб ўтиш – доимги кун тартибининг бир қисми бўлиб қолмоқда.

Виндзор-Детройт ўртасидаги тафовут ва яқинлик

Дуфресне хоним – Онтарио штатининг Виндзор шаҳридан Детройтга ишга борадиган 1 600 ҳамшира ва тиббиёт ходимларидан бири. У яшайдиган Виндзор шаҳрида 217 минг аҳоли бор. Детройт эса 4 миллионлик аҳолига эга мегаполис.

Виндзорда инфекция тарқалиши нисбатан назорат остига олинган бўлса, Детройт – АҚШнинг инфекция энг авж қолган нуқталаридан бири.

Мисс Дуфресне каби тиббиёт ходимлари бу вазиятда ўзларининг тиббий бурчини бажариб, ноқулай ҳолатга тушмоқда. Канада расмийлари потенциал хавф олдида ўзларини қўпол тутишмоқда, натижада соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ҳатто уйларида ҳам касаллик ташувчиси сифатида ўзларини босим остида сезишяпти.

Бу фақат виндзорликлар учун эмас, балки бутун Канадага тааллуқли. Сабаби АҚШда вирус тарқалиши авж олиб кетган, Канадада эса беморлар сони қўшнисига қараганда 22 баробарга кам.

Бошқа мамлакатларда ҳам тиббиёт ходимлари шифохоналардан чиқиб, уйларига қайтишаётганда жамоатчилик томонидан ўзларига вирус тарқатувчилар тарзида муносабатда бўлишаётганини сезишмоқда.

Масалан, Мексикада расмийлар тиббиёт ходимларига нисбатан бир нечта ҳужум ва дискриминация содир бўлганини қайд этишди. У ерда ҳамширалар ҳужумга учраган, автобуслардан тушириб юборилган ва уларга хлор сепилган.