Соғлиқни сақлаш бўйича халқаро тадқиқотлар ўтказадиган мазкур ташкилот дунёнинг қарийб 7,7 миллиард аҳолиси тиббиёт тизимида ишонадиган ягона халқаро платформадир.

Бутун дунёни қамраб олган пандемия қўрқуви aйбдорни топишга ундаётгани сабаб нигоҳлар ЖССТ ва вирус пайдо бўлган давлат – Хитойга қадалган. Бошқача айтганда, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг катта инқирозни келтириб чиқарган Covid-19 пандемияси ЖССТни танқидлар нишонига айлантирди.

Ташкилот Хитойнинг айбини яшириш, у билан тил бириктириш, глобал фавқулодда вазият ва пандемияни эълон қилишда кечикиш, мамлакатларга бир неча бор «Хитой билан чегараларингизни ёпманг», дея эпидемиянинг глобал миқёсда тез тарқалишига сабаб бўлиш каби бир қатор айблар билан айбланмоқда.

АҚШ президенти Дональд Трамп сўнгги пайтларда ЖССТ, шунингдек, Хитойни тез-тез танқид қилмоқда. У айблаш билангина чекланиб қолмай, мамлакатнинг ташкилотга берадиган маблағини тўхтатиб туришга ҳам буйруқ берди.

Гебреисус ушбу лавозимга 4 йил аввал келганди

ЖССТ директори Тедрос Адханом Гебрейесус Фото: Reuters

1948 йил 7 апрелда ташкил этилган ЖССТнинг штаб-квартираси Женевада (Швейцария) жойлашган бўлиб, у бутун дунё бўйлаб 150 ваколатхона ва 7000га яқин ходимга эга.

ЖССТ бош директори Тедрос Адҳаном Гебреисус 2017 йил 23 майда 5 йил муддатга сайланган, ўша йилнинг 1 июль куни расман ўз лавозимига киришганди.

Гебреисус британиялик рақиби Девид Набаррони катта фарқ билан ортда қолдириб, сайловда ғолиб чиққанда БМТнинг Женевадаги ваколатхонаси катта шодиёналарга гувоҳ бўлганди.

Гебреисус ЖССТдаги фаолиятидан олдин 2005-2012 йилларда Эфиопия Соғлиқни сақлаш вазири, 2012-2016 йилларда ушбу мамлакат Ташқи ишлар вазири лавозимларида фаолият олиб борган.

АҚШнинг ЖССТ бюджетига қўшган ҳиссаси қанча?

ЖССТ 194та аъзо мамлакат ва кўнгилли ташкилотлар билан иш кўради. Унинг бюджети икки қисм: солиқ бадаллари ва ихтиёрий бадаллардан иборат.

Аъзо давлатлар ўз аҳолиси сони ва иқтисодий имкониятидан келиб чиққан ҳолда йиллик бадал тўлайди. Ушбу тўловлар ташкилот бюджетининг қарийб 17 фоизини ташкил қилади.