Коронавирус инфекцияси инсон жамиятларини ўзгартиради. Эҳтимол, пандемия чоғида фуқароларнинг катта қисми ўз уйида изоляцияланган мамлакатларда қамоқхоналардан фойдаланишни қисқартириш узоқ муддатли оқибатларга айланар…
«Новая газета» Санкт-Петербургдаги Олий иқтисодиёт мактаби илмий-тадқиқот университетининг катта илмий ходими, социология фанлари доктори Искандер Ясавеевнинг бу борадаги фикрларини келтирмоқда.
Озодликдан маҳрум этиш — қамоқхона ёки колонияга жойлаштириш — ҳамон бир қатор мамлакатларда қўлланилиб келинмоқда, гарчи криминологларнинг фикрича, алоҳида жуда кам ҳоллар истисно қилинса, махсус муассасаларга қамаш ҳеч қандай тарбиявий таъсирга эга эмас. Жиноятга қарши курашиш сиёсатга таъсир ўтказувчи омиллардан бири фуқароларнинг жиноятчилар ва жазога нисбатан талабларидир.
Россияда ҳуқуқбузарларга қарши жазоловчи муносабат кенг тарқалган ва «ўғри қамоқхонада ўтириши шарт», қабилидаги қараш шаклланиб бўлган. Озодликдан маҳрум этишни аксарият одамлар адолатли ва ўринли жазо деб билишади, қамоқхона ва колонияга муқобил бўлган озодликни чеклаш, мажбурий ишлар, ахлоқ тузатиш ишлари ва жарималар — жуда енгил жазо сифатида қабул қилинади.
Ҳокимият ҳам халқ ўртасида кенг тарқалган бундай жазолаш истагини жон-жон дея қабул қилиб, жиноятчиликка қарши кураш сиёсатига доир қарорларида, шунингдек, суд ҳукмларида уларни акс эттиради.
COVID-19 пандемиясининг оқибатларидан бири озодликнинг чекланиши бўлмоқда — дунё бўйлаб миллионлаб одамлар ойлаб уйларини тарк этолмай қолишди. Ҳаттоки энг яқин дўконга бориш имкониятидан маҳрум этувчи бу чеклов борган сари оғир чора сифатида қабул қилинмоқда.
Яъни, коронавирус эркин ҳаракатланиш қадриятини янада ёрқинроқ кўринишда намоён этиб берди.
Шунинг учун тахмин қилиш мумкинки, инсонларнинг қамоқхонага тиқишдан кўра инсон озодлигини чеклашга бўлган муносабати ўзгаради — ўз яшаш жойини тарк этишга ёки маълум бир муддатга узоқлашишга нисбатан тақиқ қатъийлиги бўйича қамоқхонага жойлаштиришдан кам бўлмаган реал жазо сифатида қабул қилина бошлайди.
Қамоқхонадан воз кечиш имкониятини доимо излаш ёки ундан фойдаланишни ҳаддан ташқари қисқартириш зарурияти ҳақида етакчи криминологлар, жумладан, Финляндиядаги қамоқхоналар ислоҳотини амалга оширганлар ёзишган.


















