Янги тартиб бўйича эҳтиёжманд кишиларга хайрия ёрдамларини манзилли тарзда етказиш Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида ташкил қилинган Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази орқали амалга ошириладиган бўлди.
Марказ ташкилотчилигида ижтимоий ёрдам маҳсулотлари маҳаллалардаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, кексалар ва нуронийлар, доимий иш билан банд бўлмаган аҳоли вакиллари, шунингдек, карантин туфайли кунлик ишга чиқа олмаётган фуқароларнинг оилаларига етказиб берилиши кўзда тутилган.
Хайрия маркази билан 1197 қисқа рақамига ҳар куни соат 9:00дан 17:00гача қўнғироқ қилган ҳолда боғланиш мумкин.
Бундан ташқари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Тошкент шаҳри ва вилоятлар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаларининг «Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари» телефон рақамларини ҳам эълон қилди. Фуқаролар хайрия маблағлари масаласида мана шу рақамларга боғланишлари керак.
Хўш, водийнинг уч вилоятида мазкур 1197 телефон рақами орқали ижтимоий ёрдам олиш имкони бўляптими?
Наманган вилояти, Учқўрғон тумани Яшик қишлоғида яшовчи Элмурод Имомов айнан шу мавзуда мурожаат қилди.
«Ҳар йили кунлар исигач, Қозоғистон ва Тошкент вилоятига чиқиб ишлаб келар эдик. Шу орқали оиламизни тирикчилиги ўтарди. Коронавирус туфайли йўллар беркилди. Ўзимизда карантин туфайли иш йўқ. Бизга ҳам ижтимоий ёрдам бўладими? Ҳокимиятга роса кўп бордик. Ҳозир бизнинг туманда карантин янада кучайиб, ҳокимиятга ҳам бора олмай қолдик. Кўчаларимизга «блок» қўйилган. 1197 ва сизлар томонингиздан эълон қилинган бошқа рақамларга уланишнинг иложиси йўқ. Рақамга кун бўйи терсак ҳам тушиб бўлмаяпти. Биз нима қилайлик? Кимдан ёрдам сўраймиз», дейди у.
Яна бир учқўрғонлик фуқаро Мансуржон Ашуров ўз «Дамас» автомашинасида йўловчи ташиб тирикчилик қилишини, карантин туфайли кунлик даромад қила олмаётганини билдирди.
«Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси хайрия марказининг 1197 телефон рақамига жуда кўп маротаба қўнғироқ қилдим. Нега олишмаётганини билиш учун бошқа рақамларга ҳам уланишга уриндим. Бирор марта боғлана олмадик. Нега ишламайдиган телефон рақамларини эълон қилишади. Чақиради-чақиради, лекин биров кўтармайди. Ишга чиқа олмаяпмиз. Менга ҳам ижтимоий ёрдам жуда зарур», дейди М. Ашуров.
Таҳририятимизга шу мавзуда кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Биз Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларининг Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари билан боғланишга уриниб кўрдик.






















