Инқирозларнинг энг даҳшатлиси
Био-иқтисодий инқирозларнинг асосий хусусияти шундаки, улар ўтмишдаги қарама-қаршиликларни, кишилик жамиятининг заиф томонларини, кучлар ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал этиши, янги тартиб-низомлар ўрнатилишини таъминлаши мумкин. Шунингдек, соғлиқни сақлаш билан боғлиқ иқтисодий инқирозлар кечаги кун муаммолари қай даражада чуқур илдиз отганини ҳам кўрсатиб беради.
Хитойнинг Уҳан шаҳрида аниқланган янги турдаги коронавирус эпидемияси дунё иқтисодиётига улкан таҳдид солмоқда. Автомобилсозлик, авиакомпаниялар, туризм, энергетика саноати жиддий зарар кўрди. Жаҳон иқтисодиёти ўсиш прогнозлари 2,5 фоиздан 1,3 фоизга тушди. Инқироз туфайли дунёдаги иш жойларининг деярли 80 фоизи ёпилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, глобал миқёсдаги ишсизлик даражаси 25 фоизга чиқиши, дунё савдо ҳажми эса 35 фоизга камайиши тахмин қилинмоқда. Айни пайтда дунёда қашшоқлик даражаси 50 фоизга ошиш эҳтимоли ҳам мавжуд. Таъкидлаш жоизки, кўлами ва ҳажми нуқтайи назарида олиб қараганда, Covid-19 эпидемияси натижасида юзага келган ушбу био-иқтисодий инқироз аввалги инқирозларнинг энг даҳшатлисидир.
«Ётиб қолгунча отиб қол» трендга чиқиши мумкин
Айтиш лозимки, эпидемиянинг бу қадар жиддий инқирозни келтириб чиқариши, унга қарши ҳимоя механизмлари етарли эмаслиги ўтган даврнинг иқтисодий «фантастика»сидан келиб чиқди. Шу боис, одамлар ўртасида бирдамликка рахна солувчи, кучлилар томонидан кучсизлар эзилишига йўл берувчи, бой ва камбағал ўртасидаги жарликни янада кенгайтирувчи иқтисодий тизимнинг таназзули ҳақидаги баҳс-мунозаралар келажакда янада яшовчан, барқарор дунё яратиш эҳтиёжини юзага келтирмоқда.
Албатта, бундан кейин «ётиб қолгунча отиб қол» қабилидаги ишлар трендга чиқиши мумкин. Яъни бошқарувчи элиталар ўзларининг имтиёзларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилишади.
Афсуски, бугун эпидемия келтириб чиқарган салбий оқибатларга ўтмишни сўроқ қилиш, ижтимоий ва сиёсий механизмларни танқидий баҳолаш нуқтайи назаридан боқилмаяпти. Авваллари глобал тартиб ўзгариши тарафдорларининг фикр асосини қайта тикланадиган энергия, барқарор иқтисодий ўсиш, иш жойлари яратиш, умумий таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, даромадларни адолатли тақсимлаш каби тушунчалар ташкил этарди. Тўғри, бу борадаги ғояларни ишлаб чиқиш ва муқобил моделларни таклиф қилиш муҳим аҳамиятга эга, аммо бугунги мураккаб вазиятни ўнглаш учун бу «рўйхат» ҳали етарли дегани эмас.

















