Индонезия мудофаа вазирлиги миллий хавфсизликка таҳдид сабабли Zoom платформасидан иш мақсадларида фойдаланишни тақиқлади. Бу ҳақда вазирлик бош котиби вице-адмирал Агус Сетижига таяниб The Jakarta Post газетаси хабар берди.

"Вазирликнинг барча тизим ва бўлинмалари ушбу сервис орқали анжуманлар ўтказишни тўхтатиши шарт", - деб таъкидлаган у. 

Вице-адмиралнинг сўзларига кўра, "Zoom орқали ўтказиладиган анжуманларни учинчи томон кузатиб туриши имконияти мавжуд".

Апрель бошларида АҚШ сенати конгресси ходимлари сенаторлардан хавфсизлик нуқтаи назаридан онлайн-мажлислар ва бошқа анжуманлар вақтида Zoom видеоконференциялар сервисидан фойдаланмасликни сўрашганди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси Zoom иловасидан фойдаланишда эҳтиёт бўлишга чақирган.