Ҳаммаси эски ҳолига қайтиши мумкинми?
Ҳамма ҳозир ўз юртида ҳаёт изига қайтишини ва яна имкон қадар тезроқ ишга, ўқишга боришни хоҳламоқда.
Аммо карантин бекор қилинганидан кейин ҳам, вирус ўзи ташувчи эканини билмаган одамлар орқали бошқаларга юқаверади.
Биз битта фактни тан олишимиз керак: эски ҳаёт тарзига қайтиш ўта секин ва ёқимсиз бўлиши мумкин. Эҳтимол, бунинг учун кўп вақт ва катта сабр талаб этилар.
Вакцинага эга бўлмагунимизча тўлиқ эркин бўлмаслигимиз аниқ. Хўш, шундай экан, биз бу шароитда қандай қилиб хавфсиз ҳаракатланишимиз мумкин?
Жоржия штати университетининг Герардо Ковель бошчилигидаги эпидемиологлари фикрича, инсонлар ўзларининг ижтимоий муносабатларини коронавирус тарқалмасдан олдинги вазиятга қараганда 65 фоизга қисқартиришлари зарур.
Мазкур университет эпидемиологлари шундай йўл тутилса, вирус ҳар сафар битта камроқ одамга юқишига ишонишади. Уларнинг ҳисоблашича, ижтимоий муносабатларни қисқартириш – вирус юқиши кўрсаткичининг пасайишига, ҳолатни назоратда ушлаб туришга ёрдам беради.
Бунга эришиш учун жамиятда умумқабул қилинган нормалар ҳам ўзгариши, одамлар бошқалар билан мулоқот чекланишига ва ҳимоя воситаларидан фойдаланишга кўникишлари зарур. Яъни одамлар нафақат ўз атрофидаги оиласи, дўстлари, ҳамкасблари учун, балки бутун жамият олдида масъулиятли эканини ҳам сезиши керак.
Қандай қилиб?
Масалан, агар иш шароитимиз имкон берса, одамлар билан алоқаларимизни учдан икки қисмга қисқартиришимиз зарур. Бу қисқартириш уйда бажариш мумкин бўлган вазифаларни офисга бормасдан қилишни назарда тутади. Айримларимиз эса уйда масофадан ишлашни давом эттириш орқали бундан-да кўпроқ ижтимоий муносабатларни қисқартиришга эришишимиз мумкин.
Бундан ташқари, кўчага чиққанда ниқоб тақиш, масофани сақлаш, жамоат транспорти ёки дўконларга кирганда қўлқоп тақиш ва қўлни тез-тез ювиш кабиларга эътиборли бўлишимиз керак. Одамлар билан доимий мулоқотда бўладиган касб эгалари, мисол учун, ҳисобчилар ҳимоя кийимларида бўлиши, шамоллаш аломатлари бор ходимларнинг ишга чиқиши чекланиши зарур.
Шунингдек, бундан буёғига автобус, метро, поезд ёки самолётларда тиқилинч юзага келишига йўл қўйиб бўлмайди. Йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи компаниялар янги автобус, поезд ёки самолёт сотиб олиш учун давлатдан субсидия ажратишни сўраши, шу орқали битта жамоат транспортидаги йўловчилар сонини камайтиришга эришиши зарур бўлади.


















