Ўзбекистонда «онлайн карантин» учун мобил илова яратилди
Ҳозирда мазкур иловани PlayMarket ва AppStore платформаларида жойлаштириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда коронавирус беморлари билан мулоқотда бўлган шахсларни аниқлаш имконини берувчи Birga Yengamiz мобил иловаси яратилди. Илова “онлайн карантин” учун хизмат қилиши мумкин.
Бу ҳақида Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот котиби Назокат Абдуқундузова АОКА штабида ўтказилган брифингда маълумот берди.
“Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Project Managers корхонасининг ёш дастурчилари коронавирус аниқланган бемор билан мулоқотда бўлганларни аниқлаш жараёнини автоматлаштириш мақсадида Birga Yengamiz номли мобил илова яратди.
Илованинг асосий вазифаси бемор билан охирги 14 кун ичида яқин масофада ва муайян вақт алоқада бўлган шахсларни аниқлаш ва зарур ҳолларда уларни карантинга жойлаб, вирус кенг тарқалишининг олдини олишдир. Бунда одамлар ўз ишларига, карантингача бўлган даврдаги ҳаёт тарзларига қайтсалар-да, уларнинг ким билан қачон, қаерда ва қанча вақт мобайнида учрашганлари ҳақида маълумотлар қайд этиб борилади”, дея матбуот котибининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Маълум қилинишича, илова самарали ишлаши учун ундан бутун аҳоли фойдаланиши керак бўлади.
“Агар бирор ким касалланса, у 14 кун давомида учрашган одамларни топиш ҳамда уларни карантинга қўйиш мумкин бўлади. COVID-19 вирусини ташувчиларда касаллик аломатлари бўлмаса-да, улар бемалол касалликни бошқаларга юқтириши мумкин.
Шу боис ҳам бу иловадан истаганлар эмас, балки бутун аҳоли фойдаланиши талаб этилади. Оксфорд университети олимларининг таъкидлашича, аҳолининг камида 60 фоизи мазкур иловалардан фойдалансагина у самара беради. Ҳозирда Сингапур, Жанубий Корея, Тайван каби мамлакатларда бундай иловалар ўз самарасини кўрсатиб келмоқда. Буни ОАВда “онлайн карантин” ёки “рақамли карантин” деб ҳам аташмоқда”, дея қўшимча қилди Назокат Абдуқундузова.
Ҳозирда мазкур иловани PlayMarket ва AppStore платформаларида жойлаштириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
21:59 / 27.11.2022
Хитойда коронавирус чекловларига қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда
00:22 / 26.11.2022
Пекинда коронавирус авж олгани туфайли янги чекловлар киритилмоқда
22:24 / 07.11.2022
Англияда уй паррандаларига локдаун эълон қилинди
12:45 / 19.07.2022