29 апрелга келиб бир вақтда даволанаётган беморлар сони 895 нафаргача тушди. Бу эса вирусдан зарарланиш билан боғлиқ жами 1969 ҳолатнинг ярмисидан ҳам кам. Вафот этганлар сони тузалган 1066 кишининг 1 фоизидан ҳам камроқ — 8 киши.

2020 йилда бутун жаҳонни чулғаб олган коронавирус пандемияси 34 миллион аҳолига эга бўлган Ўзбекистонда бошқа давлатларга нисбатан анча юмшоқ сценарийда кечмоқда. Бунинг сабабларидан бири мамлакат илк ҳолат (!) аниқланганининг эртасигаёқ (!) ёпилгани, бу эса ўша вақтда ҳукуматнинг реакция кўрсатиш тезлиги бўйича жаҳон рекорди бўлса ажаб эмас.
Қатъий карантин чоралари шарофати билан мамлакатда касалликнинг қайд этилган ҳолатлари (1969 киши) ҳам, кунлик янги ҳолатлар (сўнгги икки кунда 35 кишидан, бугун ҳозирча 30 киши) ҳам нисбатан паст даражада сақланиб турибди. Коронавирусдан вафот этганлар сони карантиннинг биринчи ойида 8 кишини ташкил қилди, бу ҳолатда мамлакатда грипп ва бошқа ЎРК асоратлари оқибатида ойига ўртача йўқотишлар 200 кишини ташкил этади.
Асосийси, соғайганлар сони кўпаймоқда — кўрсаткич кунига 100 киши атрофида бўлмоқда, уларнинг умумий сони 1000 нафардан ошди, яъни соғайганлар жами юқтирган беморлар сонининг ярмидан ошиб кетди, вафот этганлар эса соғайганлар улушининг бир фоизидан камроқ.
Шу ва шунга ўхшаш бир қатор маълумотлар, графиклар расмий манбаларнинг хабарларида, уларга таяниб маълумот тайёрлаётган матбуот ҳамда таҳлилчилар шарҳларида келтирилмоқда. Лекин инсонларнинг аксариятига, шунингдек масъулиятли қарорлар қабул қилаётганларга ҳам бу рақамлар тўплами ва графиклар тор доирали мутахассислардек синчиклаб ўрганиш учун эмас, кузатилаётган вазиятнинг моҳияти ва мамлакат айни дамда жараённинг қандай босқичида эканлигини англашлари учун керак.

Шу жиҳатдан жаҳондаги ва алоҳида мамлакатлар бўйича хабарларда биринчи навбатда касаллик юқтириш ҳоллари ва вафот этганлар сони келтирилиши мени бироз гангитиб қўяётган эди. Бу маълумотлар ва уларга илова қилинаётган графиклар ҳар қандай эпидемия шароитида ўсишни кўрсатади, графикларнинг «думлари» узоқ ойларга чўзилиши мумкин, бу эса барчани дилгир қилади.
Оптимистлик бахш этадиган учинчи бир рақамлар тўплами — соғаяётганлар бўйича маълумот қолаётган эди, қайсики унинг ўсиб бораётган графиги барчани қувонтирарди. Лекин шугина ёқимли маълумотлар ҳам эпидемия қандай босқичдалиги ва энди нима қилиш кераклиги ҳақидаги асосий саволларга аниқ жавоб бера олмасди.










