27 апрель куни Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн мамлакат вирусга қарши жангда ғолиб бўлганини эълон қилди ва сўнгги кунда вирусдан зарарланишнинг янги ҳолати қайд этилмагани туфайли кўплаб чекловлар қилинди. Ушбу мамлакатда беморларнинг 80 фоизи тузалиб кетган. Тақиқлар бекор қилиниши ортидан одамларга балиқ тутиш, ов ва пиёда сайр қилишга рухсат берилди. 400 минг киши ишга қайтди. Аммо ресторан ва дўконлар яна бироз муддат ёпиқ туради.

Қуйида Европа давлатлари нормал ҳаёт тарзига қай йўсинда қайтаётгани кўриб чиқилади.

Испания. 25 апрель куни Испания бош вазири Педро Санчес баъзи чекловлар бекор қилингани ҳақида эълон қилганди. 6 ҳафтадан сўнг, ниҳоят якшанба куни кўчаларда болалар кулгиси эшитилди.

Бироқ фуқаролар учун қатъий қоидалар ҳали ҳам амалда. Масалан, улар фақат эрталабки 9 ва кеч соат 9 оралиғида уйларини бир соатга тарк этишлари мумкин. Аммо улар уйларидан бир километрдан узоққа кетмаслиги лозим. Ҳукумат 2 майдан бошлаб катта ёшдагиларга сайр қилиш ва спорт билан шуғулланиш учун рухсат беради.

Ушбу мамлакатда 13 апрелдан эътиборан муҳим инфратузилма билан боғлиқ бўлмаган корхоналарга қўйилган чекловлар олиб ташланган. Саноат ва қурилиш соҳасида ишлайдиган компанияларнинг хавфсизлик чораларига риоя қилган ҳолда – ниқоб таққан ва ижтимоий масофани сақлаб ишлашларига рухсат берилган.

AFP/GETTY IMAGES

Италия. 4 майдан бошлаб Италияда истироҳат боғлари очилади. Оилавий йиғилишларга, шу жумладан, 15 кишидан ошмаган одамлар иштирокидаги дафн маросимларига рухсат берилади. 18 майдан музей ва кутубхоналар фаолияти тикланади. Шунингдек, спорт жамоалари гуруҳ машғулотларини қайтадан бошлаши мумкин. Аммо мактаблар янги ўқув йилига қадар – сентябргача ёпиқ бўлади. Ҳукумат июнгача бар ва ресторанларни очишни режалаштирмаган. Минтақалар орасидаги ҳаракат ёпиқ ҳолда қолишда давом этади.

Франция. Мамлакатда 11 майдан бошлаб бошланғич мактаб ўқувчилари гуруҳда 15дан ортиқ бўлмаган ҳолда ўқишни давом эттириши режалаштириляпти. Таълим вазири Жан-Мишел Бланкуенинг сўзларига кўра, 18 май куни ўрта мактаблар очилади. Юқори синф ўқувчилари 25 майдан, университетлар эса июнь ойи бошларидан ўқишни бошлаши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, 25 апрель куни ҳукумат қошидаги илмий кенгаш чеклов чоралари бу тахлит тез олиб ташланмаслиги кераклиги ҳақида огоҳлантирди (Францияда чекловлар олти ҳафтадан бери давом этмоқда). Шошқалоқлик вирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатларнинг кескин ўсишига ва оғир беморлар кўпайишига олиб келиши мумкин. Кенгаш, шунингдек, сентябрь ойидан олдин мактабларни очишга қаршилигини билдирган. Мутахассислар иложи бўлса уйда ишлашни давом эттиришни, шунингдек, келгуси ойларда чет элга чиқишдан тийилишни тавсия этишган.