16:45 / 30.04.2020
5063

Google видеоконференция сервисини бепул хизматлар рўйхатига қўшди

Фото: Google

29 апрель куни Google компанияси видео орқали гуруҳ қўнғироқларини амалга оширишга мўлжалланган Google Meet'ни бепул хизмат сифатида тақдим этди. Аввал бу сервис фақат компаниялар ва таълим муассасалари учун хизмат кўрсатарди. Аммо коронавирус пандемияси шароитида ҳаммага ундан бепул фойдаланишга рухсат берилди.

Google Meet бундай хизматлар бозоридан Zoom сервисини сиқиб чиқаришни мақсад қилган ва буни уддалаши мумкин. Чунки Google сервиси конференцияга ёт бўлган меҳмонларнинг кириб келишидан анча яхши ҳимоялангани айтилмоқда.

Zoom хизматига қўшилиш ҳаволасини олган шахс конференцияга хуфёна кириш имкониятига эга, Meet конференциясида иштирок этиш учун эса Google орқали ўз аккаунтига кириши ва конференция яратувчиси буни тасдиқлаши керак бўлади.

Google компаниясида шунга ўхшаш Hangouts видеоқўнғироқлар сервиси ҳам бор. Компания уни мукаммаллаштириб, Meet хизматини яратишга муваффақ бўлди. Келажакда бу икки илова бир-бирига қўшиб юборилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Meet хизматини Google почта сервисига интеграция қилиш ҳам режалаштириляпти. Бу эса почтанинг ўзидан видеоқўнғироқларни амалга ошириш имкониятини беради.

ОАВда Meet хизматининг асосий устунлиги сифатида жуда ҳам хавфсиз экани ҳақида айтилмоқда. Таҳлилчиларга кўра, Zoom бу борада унга анча ютқазади.

Top