The Guardian хабарига кўра, АҚШ президенти Жанубий Каролинадаги митингда сўзлаган нутқида Google бош директори Сундар Пичаига қилган қўнғироғи ҳақида гапириб берди.
«Менга фақат иккита океан ёқади: Атлантика ва Тинч океани. Мен ушбу иккисидан бошқа ҳеч қайси океанни Трамп ёки Америка номи билан атамоқчи эмасман. Хуллас, биз Атлантика океани вариантини жиддий кўриб чиқдик ва мен Google Maps хизматига қўнғироқ қилдим, улар аввал кўл масаласини қойилмақом қилиб уддалашганди... Кўрфаз билан боғлиқ воқеадан кейин улар ҳали ҳам ўзига келолмаяпти. Мен унга: «Сундар, мен Атлантика океани ҳақида ўйлаб турибман», — дедим», — деб таъкидлади у.
Трампнинг сўзларига кўра, Пичаи бунга рад жавобини бериб, буни қуйидагича изоҳлаган: «Йўқ, йўқ, йўқ. Бу сафар бундай қила олмайман... Океанлар билан вазият бошқача, сэр. Улар кўплаб мамлакатлар қирғоқларини ювиб туради. Илтимос, биздан буни сўраманг».
Президент ўз ғоясидан воз кечиб, океанни Атлантика номи билан қолдиришга қарор қилганини айтди.
Google компанияси бунгача Трампнинг талаби билан географик номларни ўзгартиришга икки марта рози бўлганди. Дастлаб Мексика кўрфази Америка кўрфази деб қайта номланди. Google Maps’даги янги ном фақат америкалик фойдаланувчиларга кўринади.
Кейинроқ Онтарио кўли Америка кўли деб ўзгартирилди. Бу ҳолатда ҳам хариталардаги янги ном АҚШ аҳолиси учун кўринади, Канада аҳолиси аввалги номни кўради, дунёнинг қолган қисми учун эса иккала ном бир вақтнинг ўзида акс этади.

















