Ўзбекистон | 09:51 / 02.05.2020
2202
2 дақиқада ўқилади

Руҳий ҳолати бузилган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш қонун билан мустаҳкамланади

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларга психиатрия ёрдами кўрсатишда уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлади.

Фото: Shutterstock

Қонунчилик палатасининг 2020 йил 1 май куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.

Лойиҳа умумий қоидалар, аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат органларининг ваколатлари, руҳий ҳолати бузилган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва психиатрия ёрдами билан таъминлаш, психиатрия ёрдами кўрсатувчи шахслар ва муассасалар, тиббиёт ходимлари ва бошқа мутахассисларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, психиатрия ёрдами турлари ва уни кўрсатиш тартиби, психиатрия ёрдами кўрсатиш бўйича ҳаракатлар устидан шикоят қилиш каби боблардан иборат.

Мазкур лойиҳада аввал қонунчилигимизда бўлмаган “психиатрия ёрдами”, “психиатрия муассасаси”, “руҳий ҳолат бузилиши” каби тушунчаларга таъриф берилган.

Қонун лойиҳасида руҳий ҳолати бузилган шахсларни жамиятда асоссиз камситишга йўл қўймаслик, шу билан бирга жамиятни руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ижтимоий хавфли қилмишларидан ҳимоя қилишга қаратилган нормалар ўз аксини топган.

Депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларга психиатрия ёрдами кўрсатишда уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлади.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид