Аввало таъкидлаш жоиз, биз ҳар иккисини тўғон деб атайдиган плотина ва дамбаларнинг бир-биридан фарқи бор. Дамбалар (тўғонларга кўпроқ яқин) одатда катта босимни жиловлашга эмас, сувни йўналтириш ва ҳудудни сув босишдан сақлашга, жумладан дарёлар сувларини бошқаришга хизмат қилади.

Плотиналар эса одатда сув омборлари учун, айнан юқори босимни бошқариш, сувни инсон белгилаган даражага кўтариш, зарур бўлганда тақсимлаб бериш ва кўп ҳолларда электр энергия олиш учун қўлланилади. «Сардоба» сув омборидаги ҳолат ҳам айнан плотина бузилишидир.

Вайонт плотинасидаги даҳшат (Италия)

Италияда кечган бу фалокатни ҳали-ҳануз яхши эслашади. Беллуно музофотидаги Вайонт дарёси устида 1961 йилда қурилган аркасимон бетон плотина баландлиги 261,6 метрга тенг эди.

1963 йилнинг 9 октябрида, тунги соат 22:39да инсоният тарихидаги энг йирик авариялардан бири содир бўлди. Сув омбори «коса»сига 45 сония ичида 200-300 метр куб ҳажмдаги тоғ массалари қулаб тушди ва 150-250 метр баландликдаги тўлқин ҳосил қилиб, 50 млн метр куб сув катта тезликда отилиб чиқишига сабаб бўлди.

Сув оқими 8-12 м/с тезликда ва 90 метр баландликда шиддат билан ёйилади, атиги 4 дақиқа ичида ён атрофни вайрон қилади.

Турли маълумотларга қараганда, фалокат натижасида 2500-3000 одам ҳалок бўлган.

Авлиё Франциск тўғонидаги фожеа (АҚШ)

Фото: Los Angeles Times

Авлиё Франциск (Сент-Фрэнсис) плотинаси аркали-гравитацион қурилма бўлиб, Лос-Анжелес шаҳрини сув билан таъминлаш мақсадида 1924-1926 йилларда қурилганди.

Баландлиги 59 м, сиғими 47 млн. метр куб бўлган бу қурилма барпо этилганидан икки йил ўтиб, 1928 йилнинг 12 мартида ўпирилиб кетди. Фожиа оқибатида 431 киши қурбон бўлди