Тарих гувоҳки, инсоният ҳаёти фақат яхши кунлардангина иборат эмас.
Бинобарин, мамлакатимиз ва халқимиз ҳам ўз бошидан суронли ва таҳликали кунларни кўп ўтказган. Миллатимизнинг биз фахрланиб юрадиган буюклиги ҳам шундаки, у доимо синовли кунлардан ёруғ юз билан ўтган. Ана шундай дамлардаги тобланиш халқимизга енгилмас матонат, сабр ва мислсиз куч-қудрат ато этган.
Ҳеч шубҳасиз, шу кунларда элимиз бошига тушган синовли кунлар, хусусан турли офатлар асоратларини ҳам давлат ва халқ ҳамжиҳатликда шараф билан енгиб ўтади.
Нафақат ўзбекистонликлар, балки дунё аҳли ҳам самимий эътироф этаётганидек, Сардобадаги фавқулодда ҳодиса жараёнида муҳтарам президентимиз давлатнинг ўз халқига ғамхўрлигининг тарихда камдан-кам учрайдиган ёрқин намунасини кўрсатдилар.
Дарҳақиқат, давлат раҳбарининг ўзи ҳодиса рўй берган соатлардаёқ бевосита жойига чиқиб, аввало, одамларнинг соғлиғи, ҳаёти ва тақдири ҳақида қайғуриши, бу борада оқилона қарорларни қабул қилиши ноёб воқеликдир.
Президентимизнинг 2020 йил 1 май, яъни, Сардобадаги сув омборидан сув тошган пайтлардаёқ ушбу ҳудудга етиб борганлари, шу куннинг ўзида фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни белгилаб берганлари, то вазият назоратга тўлиқ олингунга қадар ҳудудни тарк этмаганлари, жабрланганлар ҳолидан улар жойлашган манзилларда хабар олганлари бунинг ёрқин далилидир.
Бу каби яна кўплаб амалий саъй-ҳаракатлари билан Президентимиз нафақат давлат раҳбарига хос бетакрор хислатлар, балки инсонийликнинг олий намунасини ҳам кўрсатиб бердилар.
Ўз раҳнамосининг фидокорлиги, эл-юртга ғамхўрлиги ва саховатидан руҳланган ватандошларимиз офат олдида Сирдарё аҳли билан бирдамлигини намоён этмоқда.
Деярли ҳар соатда мамлакатимизнинг у ёки бу ҳудудидан беғараз ёрдам юклари Сирдарё сари йўл олмоқда.
Ҳатто айрим ҳудудларда тўпланган саховат юклари олдиндан тайёрлаб қўйилган автомобилларга сиғмаяпти ва қўшимча автокарвонлар жалб этилмоқда.
Биз бевосита гувоҳи бўлган бу жараёнлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ҳам кўплаб маълумотлар тарқатилмоқда.
Дарҳақиқат, биз Сардобада юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси аъзоси сифатида халқимизга хос бўлган бундай ҳамжиҳатлик, ўзгалар ҳақида қайғуриш, бировнинг мусибатини ўзиники каби қабул қилиш ва борини саховат қилиш каби эзгу хислатлар намойишининг бевосита гувоҳи бўлмоқдамиз.












