Ўзбекистон | 17:41 / 11.05.2020
14336
3 дақиқада ўқилади

Сенатда бош прокурор ҳисобот берди

Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси бош прокурори прокуратура органларининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисида ҳисобот берди.

Фото: senat.uz

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси президентининг кўрсатмалари асосида прокуратура органларини коррупциядан ҳоли, чинакам халқ прокуратурасига айлантириш, фаолият самарадорлигини тубдан ошириш борасида қатор чоралар кўрилган. Аввало, ҳалол, садоқатли ва профессионал ходимлар корпусини шакллантиришга доир комплекс чора-тадбирларни амалга татбиқ этиш бошланган.

Қонунлар ижроси устидан назоратни таъминлаш баробарида фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни амалда бартараф этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, тадбиркорликни ривожлантириш, экспортни кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш каби ҳаётий муҳим масалаларга устувор аҳамият берилиб, 15 мингдан ортиқ тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши ва муаммолари бартараф этилиши таъминланган.

Прокуратура органларининг фаолияти таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, 2019 йилда таълим соҳасида текширилган вазирлик ва идораларнинг 93 фоизида 16,7 млрд. сўмлик молиявий қонунбузарликлар аниқланиб, бу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 2,5 бараварга ошган.

Шу билан бирга, қонунлар ижросига бевосита масъул идоралар томонидан зиммаларига юклатилган вазифаларнинг тўлақонли бажарилмаслиги жойларда кўплаб муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлганлиги аниқланган. Масалан, фуқароларнинг уйлари бузилиши муносабати билан тегишли компенсация пулларининг ўз вақтида ва тўлиқ берилмаслиги, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган. Бу борада прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида жами 2,3 трлн. сўм зарарлар ундирилишига эришилган.

Бироқ иқтисодий жиноятлар бўйича тергов жараёнида жиноятни фош этиш билан бирга, етказилган зарарни ундириш, яъни ўғирланган моддий бойликларни топиб, қонуний эгасига қайтаришда камчиликлар мавжуд. Шу боис, сенаторлар томонидан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларида белгиланган тадбирларнинг бажарилиши, айниқса, қурилиш ишларининг сифати ва талабларга жавоб бериши бўйича доимий назорат ўрнатиш зарурлиги кўрсатилди.

Қурилиш соҳасида коррупцияга оид аломатлар оқибатида рўй бераётган талафотлар, уларнинг сабаблари ва шарт-шароитларни бартараф этиш масалалари кенг муҳокама қилинди. Прокуратура органлари бу масалаларда ўз назоратини янада кучайтириши, уларга қонунлар билан берилган ваколатлардан кенг фойдаланиши зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, мажлисда прокуратура органлари мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасидаги фаолият самарадорлигини янада ошириши лозимлиги кўрсатилиб, тегишли вазифалар бўйича кўрсатмалар берилди.

Шундан сўнг ялпи мажлис кун тартибига киритилган мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид