Жамият | 16:39 / 12.05.2020
5263
2 дақиқада ўқилади

ССВ: Фарҳод автомобиль эҳтиёт қисмлари бозори вирус юқтиришда гумонланган шахсда инфекция аниқланмади

Тошкентдаги Фарҳод автомобиль эҳтиёт қисмлар бозорида коронавирусга гумон қилинган фуқарода Covid-19 инфекцияси аниқланмади. Ҳозирда бозорда дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда ва уларнинг якунига кўра бозор ишга тушиши режалаштирилган.

Тошкентнинг Учтепа туманидаги Фарҳод автомобиль эҳтиёт қисмлар бозорида коронавирусга гумон қилинган фуқарода Covid-19 инфекцияси аниқланмади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

«Куни кеча ижтимоий тармоқларда «Фарҳод» бозоридаги эҳтиёт қисмлар расталари тадбиркорларидан бирида юқори ҳарорат кузатилганлиги туфайли бозор ёпиб қўйилганлиги ҳақидаги хабарлар эълон қилинган эди. Аслида эса шу куни  бозор худудига кираверишда ўрнатилган тиббий  текширувлар давомида бир нафар фуқарода юқори ҳарорат аниқланган ва у дарҳол изоляцияга олинган эди.

Коронавирусга гумон қилинган фуқаро бозор ҳудудига киришга улгурмаган. Кечанинг ўзида 1989 йилда туғилган (эркак) ушбу фуқародан коронавирусга ўтказилган диагностик таҳлил унда Covid-19  инфекцияси  аниқланмаганлигини кўрсатди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Шу кунларда мазкур бозорда дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда ва уларнинг якунига кўра бозор ишга тушиши режалаштирилган.

11 май куни Тошкент шаҳар Учтепа туманида жойлашган Фарҳод автомобиль эҳтиёт қисмлари бозори ичидаги барча ходимлари билан ёпилгани, тадбиркорларнинг бирида юқори тана ҳарорати кузатилгани ҳақида хабар берилган эди.

Тошкент шаҳар ИИББ бозор дезинфекция қилиш ва савдо жойларини санитария-эпидемиология меъёрларига мувофиқлаштирилиши учун ёпилгани, тадбиркорлардан бирининг иситмаси борлиги ҳақида тарқаган маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилганди.

Шунингдек, Учтепа туман ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам бозор тадбиркорлардан бирида юқори тана ҳарорати аниқлангани сабаб ёпилгани тўғрисидаги хабарларни рад этган ҳамда мазкур савдо қаторларида Санитария куни эълон қилганини билдирган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид