Ўзбекистон | 11:32 / 13.05.2020
28566
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада биргина бемор қолди

Фарғона коронавирусдан холи ҳудудга айланишга яқин - вилоятда 6 майдан буён янги зарарланиш ҳолатлари қайд этилмаяпти.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фарғона вилоятида яна 6 нафар бемор коронавирусдан тузалгани ва эндиликда вилоятда ушбу касалликка чалинган биргина бемор қолгани ҳақида хабар берди.

«Бугуннинг илк хушхабарини Фарғона вилоятида 6 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморнинг тузалиб чиққани ҳақидаги янгилик билан бошлаймиз. Бугун  соғайганлар реабилитацияга кузатилди.

Тузалиб чиққанларнинг 3 нафари Туркиядан, 1 нафари Россиядан келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач шифохонага ётқизилган. Қолган 2 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқот қилиб, касалликни юқтириб олишган. Уларнинг 2 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, 3 нафари Фарғона вилоятидан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон ва Наманган вилоятларидан 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 54 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 23 ёш.

Вилоятда шу пайтга қадар 156 нафар бемор соғайиб, коронавирусга чалинган 1 нафар бемор қолмоқда. Яъни, водий вилоятлари ичида Фарғона коронавирусдан ҳоли ҳудуд бўлишга жуда яқин турибди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Айни пайтда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 2046 нафарни ташкил этмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 2568тага етган, шифохоналарда 512 бемор даволанмоқда, уларнинг 12 нафари оғир аҳволда қолмоқда.
 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид