Уй хўжаликлари харажатлари ва даромадлари бўйича сўров (УХДС) натижалари ҳамда ҳудудлар кесимидаги истеъмол нархлари индекси (ИНИ) маълумотлари асосида уй хўжаликлари даромадлари ва харажатлари ўсиши таҳлил қилинди. Шунингдек, олинган натижалар асосида ИНИ ва яшаш қиймати ўртасидаги тафовутлар ўрганилди.

Сўров натижаларида аниқланган маълумотларга кўра, уй хўжаликлари даромадларининг тақсимланишида респондентларнинг асосий қисми – 38,7 фоизи ойига 2-4 млн. сўм даромадга эга бўлганлар гуруҳига киради.

Ҳар хил даромадга эга уй хўжаликлари гуруҳлари харажатлари таркибидаги тафовут таҳлили кам даромадга эга бўлган уй хўжаликлари юқори даромадли гуруҳларга қараганда ўз харажатларининг кўпроқ қисмини озиқ-овқат маҳсулотларига ва камроқ қисмини ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар (яъни транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқалар)га сарфлайдилар:

Даромад даражасининг ўсиб бориши билан истеъмол таркибидаги озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши сезиларли даражада пасаймоқда. Даромадлари 6 млн. сўм ва ундан юқори бўлган уй хўжаликларининг истеъмол саватидаги озиқ-овқат маҳсулотлари улушининг даромади 2 млн. сўмдан паст бўлган уй хўжаликлариникига қараганда ўртача 26 фоиз бандга кам.

Респондентларнинг ёш гуруҳлари бўйича таҳлил, кексалар томонидан даромадларининг кўпроқ қисмини (ўртача 80 фоизини) озиқ-овқат маҳсулотларига, ёшлар томонидан эса – ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларига сарфланишини кўрсатди:

Бунда 30-55 ёшдаги аҳолининг харажатлари 30 ёшгача бўлган ёш гуруҳига нисбатан 18 фоизга ва 55 ёшдан ошган аҳолига нисбатан 63 фоизга кўпроқ. 30-55 ёшдаги аҳоли истеъмоли таркибида ноозиқ-овқат товарлари улушининг нисбатан юқори бўлиши ушбу гуруҳ вакиллари коммунал хизматлар ва бошқа молиявий мажбуриятларнинг асосий тўловчилари эканлиги билан изоҳланади.

2019 йил учун ҳудудий инфляция кўрсаткичлари республика ҳудудлари бўйича йиғилган ИНИ статистикаси асосида ҳисобланган. Олинган маълумотларга кўра, ҳудудлар кесимида инфляция даражаси республика бўйича ўртача даражадан сезиларли фарқ қилади.