Гарчи инсоният тарихи жанг-у жадаллар тарихидан иборат бўлса-да, уруш ва Афғонистон сўзлари тенг ва эгиз тушунчадай янграйди гўё. Аслида, узоқ йиллар давом этган бесамар урушнинг аянч асорати бу. 29 февраль куни АҚШ ва «Толибон» ўртасида имзоланган шартнома қилич билан қазилган бу тупроқларда ҳам гул унишига умид берганди. Хўш, бу умид қанчалар яшовчан? Афғонистонда чиндан ҳам тинчлик ўрнатилдими? Воқеалар ривожи қандай давом этади? Қуйидаги мақолада Афғонистон билан боғлиқ шу ва бошқа масалалар юзасидан атрофлича фикр юритилади.

Битим нажот рецептими?

2001 йилда Афғонистонга кириб, ўтган йиллар мобайнида кўзлаган мақсадларига эриша олмагач, ўзининг халқаро обрўсига путур етказмаслик учун АҚШ 2020 йилнинг 29 февраль куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида толиблар билан нажот рецепти сифатида кўрилган битимни имзолади.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод ва «Толибон»нинг Қатардаги офиси раҳбари мулла Абдулла Ғани Бародар

Шартномани АҚШ номидан АҚШ президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ва «Толибон» номидан Доҳадаги сиёсий идора раҳбари мулла Абдулғани Биродар имзолади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Европа Иттифоқи ва қўшни давлатлар томонидан имзоланган АҚШ-Толибон келишуви Афғонистонда ҳали узил-кесил тинчлик ўрнатилди, дегани эмас. «АҚШ-Толибон келишуви ва АҚШ-Афғонистон қўшма декларацияси бизга тарихий имконият яратмоқда. Ҳукуматни бирлаштириш ва Афғонистонга устуворлик бериш мамлакат келажаги ва айниқса, тинчлик учун ниҳоятда муҳимдир», деган фикрлар ифодаланган мазкур баёнот АҚШнинг Афғонистонни ўз ҳолига қўйганини англатади.

«Толибон» ваъдасида турдими?

Битимдан сўнг 24 соатдан кўп вақт ўтмай, Толибоннинг афғон хавфсизлик кучларига қарши 43та ҳужумни амалга оширгани ҳақидаги иддао ва кейинчалик АҚШ қўшинларининг Афғонистондаги вакили полковник Сонни Леггеттнинг ҳукумат кучларини ҳимоя қилиш мақсадида «Толибон»га қарши ҳаво ҳужумини уюштиргани ҳақидаги очиқлама тинчлик битимининг мазмун-моҳияти ва томонларнинг ниятларини сўроқ остига қўйди ва жамоатчиликда чуқур ташвиш уйғотди. Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ўртасида музокараларга йўл очиш мақсад қилингани ва музокаралар яқин орада бошланишини айтган АҚШ Мудофаа вазири Марк Эспер эса «Толибон» АҚШ кучларига ҳужум қилмаслик ҳақидаги ўз сўзида тургани, аммо афғон кучларига қарши зўравонликни камайтириш бўйича берган ваъдасини бажармаганини билдирди.