Вазирлар Маҳкамасининг “Хоразм вилояти Ҳазорасп туманини 2020 — 2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Қайд этилишича, Хоразм вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари билан биргаликда “Хоразм вилояти Ҳазорасп туманини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури” ишлаб чиқилган.
Дастурнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:
Ҳазорасп туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминланиш даражаси ва фаровонлигини ошириш;
Ҳазорасп туманида барча хизматларни ўз ичига олган замонавий логистика марказини ташкил этиш;
ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳолининг, хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарини ишга тушириш;
ҳудуднинг табиий ва иқлим шароитига хос бўлган чорвачилик ва балиқчилик соҳаларини ривожлантириш;
йўл-транспорт инфратузилмасини ва телекоммуникация тармоғини ривожлантириш;
ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолини ичимлик суви, электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш ҳамда бошқа ижтимоий-маиший хизматлар кўрсатиш даражасини яхшилаш;
суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва уларни қайта ишлаш даражасини ошириш, шунингдек, хорижий тажриба асосида чорвачиликни ривожлантириш.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУКни жалб этган ҳолда, 2020 йилда Ҳазорасп тумани Ҳазорасп шаҳарчасининг чегара лойиҳасини ишлаб чиқилишини ва қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланишини, шунингдек аҳоли пунктида биринчи навбатда қурилиши зарур бўлган қисмларининг батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқилишини таъминлайди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги туман аҳолисини узлуксиз тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида янгидан “сув тозалаш иншооти” ташкил қилиш ҳамда Ҳазорасп шаҳарчасига оқава сув тизимини қуриш учун 2020-2022 йилларда Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида маблағларини жалб қилиш чораларини кўради.
















