Жаҳон | 14:22 / 19.05.2020
14731
2 дақиқада ўқилади

Мишустин ишга қайтди

Россия президенти Владимир Путин Михаил Мишустинга бош вазирлик ваколатларини қайтариб берди. Мишустин коронавирусга чалингани маълум бўлгач давлат ишларидан танаффус олганди. Бу вақт давомида унинг вазифаларини биринчи ўринбосари Андрей Белоусов бажариб турди.

Фото: DMITRY ASTAKHOV/TASS

Президент Белоусовнинг вақтинчалик ваколатларини бекор қилувчи фармонига имзо чеккан, у энди бош вазир ўринбосари лавозимига қайтади.

Мишустин шу ҳафтадан видеоконференция орқали ишлашни бошлади. 18 май куни у тиббиёт ходимларига устама тўлаш тартибини танқид қилди ва ҳозирга келиб мамлакатдаги 30га яқин регион карантин чораларини юмшатишга тайёрлигини айтиб ўтди.

Мишустин 30 апрель куни президент билан видеоалоқа орқали мулоқоти вақтида ўзида коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берганди. У Белоусов номзодини бош вазир вазифасини бажариб турувчи лавозимига таклиф қилганди. Бош вазирнинг даволаниш жараёни тафсилотлари маълум қилинмади, фақат у Москвадаги шифохоналардан бирида ётгани маълум эди.

Шундан сўнг айрим нашрлар у тузалганидан кейин ҳам ишга қайта олмаслиги ва Белоусов бу лавозимда доимий асосда ишлашда давом этиши мумкинлигини тахмин қилиб чиқди.

Сўнгги икки ҳафта давомида Мишустиндан ташқари Россия маданият вазири Ольга Любимова ва Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковга ҳам коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилганди. Любимова 14 май куни соғайди, Песков эса ҳозирда икки томонлама пневмония ташхиси билан шифохонада даволанмоқда.

Мавзуга оид