Ўқув марказини очишда нималарга аҳамият бериш керак?

– Таълим соҳасининг ривожланишида хусусий таълимнинг ўрни катта. Чунки фақатгина хусусий таълимда креатив ғоялар, янгиликлар биринчи бўлиб йўлга қўйилади. Хусусий таълим таълим тизимида янги трендларни йўлга қўйишда ёрдам бериши мумкин.

Ўқув маркази очишда ҳозирда бироз кутиб туришни маслаҳат берган бўлардим. Ҳозир жой қидириб, таъмирлашга пул сарфлаб, инвестиция киритиб, пулларни сарфлаб қўймасдан нақд пулни ушлаб туриш керак. Ҳозир дарҳол бизнес очадиган пайт эмас. Ўйламанки, вазиятни кўриш керак. Мисол учун, ёзда, сентябрь ойида вазият қандай бўлишини кўриш керак. Ана ундан кейин хулоса қилиб, ўқув маркази очиш мумкин деб ўйлайман. Ёзда вақтни тайёрланишга сарфлаш мумкин: соҳани чуқурроқ ўрганиш, жамоани йиғиш, концепция, бизнес режа тайёрлаш. Кузда вазиятга қараб, фаолият бошласа бўлади.

Ўқув марказларига ишга қайтишга рухсат берилса ҳам вазият қандай бўлиши ҳақида тасаввуримиз етарлича эмас.

Яъни масалан, ўқув марказларида битта хонада 5-8 нафардан ортиқ ўқувчи ўтирмасин дейилиши мумкин. Бу тушумга таъсир қилади. Тушумни илгари ўқув марказининг барча хоналарини ўқувчилар билан тўлдириш ҳисобига ўстирган бўлсак, энди бу нарсага табиий чеклов бўлиши мумкин. Биз истасак ҳам ўқув марказининг барча хоналарини тўлдириб, 10-15 нафардан одам йиға олмаслигимиз мумкин. Шу сабабли ҳозир ўйлаб, қандай чекловлари бўлиши мумкинлигини кузатиб турадиган пайт. Шундан келиб чиқиб, бизнесга кириш керак.

Агар ўқувчилар сони 2-3 бараваргача қисқартирилса, ўқув марказини юргизиш ҳаттоки норентабел бўлиши, яъни бу катта фойда келтирмайдиган бизнесга айланиб қолиши мумкин. Ана шундай кутилмаган ҳолат бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳозирдан бино олиб, уни таъмирлашга киришишни тавсия қилмайман. Бироз кутиб, вазият барқарорлашгач, кейинги қадамларни қўйиш керак деб ўйлайман.

Жаҳонгир Пўлатов

Жаҳонгир Пўлатов ўқув марказига бино ижараси учун тўлов миқдорини камайтириш бўйича ижарачи билан келишишни бизнес рентабеллигини сақлаш бўйича ечим деб ҳисоблайди. Агар ижара тўлови миқдори пасайтирилмаса, таслим бўлиш керак эмаслигини айтиб ўтди.

– Ўқувчилар сонини кўпайтиришга ҳаракат қилиш керак. Ҳаттоки, табиий чеклов, мисол учун бир хонада 8-10 ўқувчи ўқитинглар дейилган тақдирда ҳам онлайн ўқитиб бўлса ҳам ўқувчилар сонини кўпайтиришга ҳаракат қилиш керак. Офлайнга ҳамма қайтгани билан айрим ота-оналар фарзандини ўқув марказига юборишга қўрқади. Ҳали вакцина топилмади, касал юқтириб олиш эҳтимоли мавжуд, деб ўқув марказига бормай қўя қолгин дейиши мумкин. Ўқувчиларнинг муайян қисми онлайнда қолиши мумкин. Онлайнда қоладиган қисмини ҳам ўзига мижоз қилиб олиш учун офлайнга қайтилган тақдирда ҳам онлайнни сақлаб қолиш керак.