Жаҳон | 08:14 / 24.05.2020
26666
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин 3 ҳафта ичида илк бор кўриниш берди

Шимолий Корея етакчиси 3 ҳафта ичида илк бор кўриниш берди. Бунгача у 1 май куни омма олдида охирги марта кўриниш бериб, Сунчхондаги ўғитлар ишлаб чиқарилувчи завод очилишида иштирок этган.  

Фото: KCNA / Reuters

Ким Чен Ин Корея меҳнат партияси марказий ҳарбий қўмитаси йиғилишида иштирок этган. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги хабар берди

Йиғилишда ташкилий масалалар муҳокама қилинган. Жумладан, мамлакат қуролли кучларини “юқори турбулентлик шароитида” мустаҳкамлаш учун янги йўналиш таклиф этилган. 

Агентлик ўз хабарини Ким Чен Иннинг меҳнат партияси байроқлари фонида ўтиргани сурати билан тақдим қилган. 

Таъкидланишича, Шимолий Корея етакчиси йиғилишда ҳарбий қўмондонлик тизимини ислоҳ қилиш ҳақидаги фармонни имзолаган. Кўриладиган чоралар мамлакат сиёсий барқарорлиги ва суверенитетини ҳимоялашга ёрдам бериши керак. Ким Чен Ин миллий мудофаа кучларини мустаҳкамлаш лозимлигини таъкидлаб ўтган. Бундан ташқари, янги бўлинмалар ташкил этиш имконияти муҳокама қилинган.

Агентликнинг маълум қилишича, йиғилиш давомида ядро урушига йўл қўймаслик стратегияси ишлаб чиқилган. Унда стратегик кучларни ўта зарур ҳолатлардагина қўллаш лозимлиги белгиланган.

Шунингдек, йиғилишда Шимолий Корея армияси камчиликлари ва уни кучайтириш вариантлари муҳокама қилинган.

Аввалроқ Ким Чен Ин апрелда 20 кунча кўринмагандан кейин 1 май куни ўғитлар ишлаб чиқарилувчи завод очилишида иштирок этгани маълум қилинганди. Бироқ у шундан кейин яна 3 ҳафтага кўздан ғойиб бўлган. Жанубий Корея ва Япония ОАВлари маълумотларига кўра, Ким Чен Ин завод очилишида иштирок этгандан кейин пойтахт Пхеньянга қайтмай, соҳилбўйидаги Вонсан курорт шаҳрига йўл олган ва ўша вақтдан бери у ерда қолмоқда.

Мавзуга оид