АҚШ Энергияга оид маълумотлар бошқармасининг янги прогнозларига кўра, бу йил Америкада қайта тикланувчи манбалардан олинган электр энергияси ҳажми тарихда биринчи марта кўмирдан олинган электр энергияси миқдоридан кўп бўлиши кутиляпти.
Bloomberg`нинг ёзишича, бу – жуда зўр натижа сифатида баҳоланмоқда. 10 йил аввал АҚШда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг қарийб ярми кўмирни ёқиш орқали олинарди.
Трамп администрацияси пандемиянинг шиддат билан ёйилаётганига қарамай, ҳалокат ёқасидаги саноатни тиклаш учун барча чораларни кўришга ҳаракат қилмоқда. Жамоатчилик президент маъмуриятининг бу хатти-ҳаракатлари 10 минглаб қурбонларга олиб келиши мумкинлигини айтмоқда.
13 май куни АҚШнинг 9та штати президент администрациясини судга берди. Даъвогарларнинг фикрича, президент администрацияси инқироз даврида мамлакатнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳақидаги қонунлари ижросини таъминлаш мажбуриятини бажаришдан бош тортмоқда.
Бунга администрациянинг ҳаракатланишга қўйилган чекловлар ва ишчи кучи етишмаслиги баҳонасида атроф-муҳит муҳофазаси ҳақидаги қонун амалиётини юмшатиш тўғрисида чиқарган қарори сабаб бўлди.
Пандемия бошлангач, Америкада тоза энергия соҳасида меҳнат қилаётган қарийб 600 минг ходим ишсиз қолди. Бу – мазкур тармоқда сўнгги уч йилда яратилган иш ўринларидан икки баробардан кўпроқдир. Умуман, саноатнинг шу тармоғида банд аҳолининг деярли 18 фоизи ишини йўқотди.
Бундан ташқари, қанчалик ғалати бўлмасин, ҳаво ифлосланишининг камайиши Калифорнияда иқлим муҳофазасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Иссиқхона газлари ажралиб чиқиши камайса, ўз-ўзидан иссиқхона газлари квоталари савдосидан тушадиган даромадлар ҳам камаяди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари айни шу даромадлар ҳисобидан молиялаштирилади.
Хитой

Фото: Qilai Shen/Bloomberg
Хитой қазилма ёқилғиларнинг атрофга энг кўп зиён етказувчи тури –кўмирдан воз кечиш учун миллиардлаб доллар сарфламоқда.
Мамлакатдаги баъзи йирик давлат компаниялари гибрид лойиҳаларга катта пул тикмоқда. Бу орқали шамол ва қуёш энергиясини бирлаштириб, энергияни захирада жамлаш имкони яратилади. Яъни гибрид лойиҳалар қуёш чарақламаган, шамол эсмаган пайтда ҳам узлуксиз энергия таъминотини яратиши лозим.










