Ўзбекистон президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифалар ижросига оид президент фармони қабул қилинди.
Унга кўра, 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб, электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимларига уланган, масофадан ўчириш (ёқиш) имкониятига эга ҳисоблагичи бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан:
электр энергияси ва табиий газнинг ойлик истеъмоли учун олдиндан тўланадиган ҳақ миқдори 15 фоиз этиб белгиланади (охирги икки ой давомида тўлов интизомига риоя қилмаганлар бундан мустасно);
электр энергияси ва газ сарфи тўғрисидаги ёзма ҳисоботларни ҳудудий электр ва газ таъминоти корхоналарига топшириш мажбурияти бекор қилинади.
1 ноябрдан эътиборан, шунингдек, истеъмолчиларни электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш шартномаларини электрон тузиш орқали уларни қоғозда расмийлаштириш тартиби бекор қилинади.
Молиявий жарималар ўртача 2 баробарга камайтирилади
Фармон билан, уч ой муддатда барча турдаги молиявий ва маъмурий жарималарни тўлиқ хатловдан ўтказиб, мутаносиблик принципидан келиб чиққан ҳолда уларнинг миқдорини ўртача икки баробар камайтириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топшириғи берилди.
Топшириқ ижросига аввало Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, қолаверса Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва Бизнес-омбудсман масъул бўлади.









