Ўзбекистон | 10:16 / 27.05.2020
13842
2 дақиқада ўқилади

«Бир долларини ҳам фойдаси билан олиб кетишини кафолатлаш керак» – Инвесторлар учун қонун устуворлиги таъминланади

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йиллар давомида мамлакатга йирик инвесторлар кириб келмагани сабаблари ҳақида гапирди.

26 май куни президент раислигида инвестиция масалалари бўйича ўтказилган видеоселекторда мамлакатга инвесторларни, айниқса, хориждаги юртдошларни кўпроқ жалб этиш таклифи билдирилди.

«Мана, ростини айтайлик, уч йилдан бери ҳаракат қиляпмиз. Зўр-зўр инвесторлар Ўзбекистонга келдими? Келгани йўқ. Нимага десангиз, тарихимиз «зўр». Инвестицион «тарихимиз зўрлиги» учун улар ҳали кутиб турибди...

Қанча давлатга бориб ҳаракат қиляпмиз, лекин ҳали бирортаси келгани йўқ. Америка, Европадан инвесторлар қачон келади? Улар Ўзбекистон ҳақида олдинги йиллардаги ҳолатдан келиб чиқиб хулоса қилади. Шунинг учун ким айтсаям келмайди.

Шунинг учун янги тарих яратадиган замон келди. Бу тарихнинг битта мезони бор, олиб кирилган бир долларини ҳам фойдаси билан олиб кетишини кафолатлашдир. Қолаверса, улар билиши керакки, бу ерда солиқ тизими ҳар олти ойда олдингига ўхшаб ўзгариб турмайдиган, кафолат тизими бўлсин.

Хорижликларку майли, маҳаллий инвесторларчи?! Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистоннинг ичида 10 миллиард АҚШ доллардан ортиқ маблағ бор. Нима учун жорий қилинмаяпти? Чунки қонун йўқ.

Бир ой ичида бизда мукаммал қонун бўлиши керак. Кейин ўзлари келаверади. Қонун бўлса, кафолатланади. Фақат президент фармони эмас. Уларга президент гапи ҳам керакдир, аммо қонун устувор бўлиши лозим», дея президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат раҳбари соғлиқни сақлаш, олий таълим, кимё, электротехника соҳаларига алоҳида имтиёзлар берилишини маълум қилди. Маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун ўзига хос преференциялар қўлланиши айтиб ўтилди.

Мавзуга оид