Ўзбекистонда 23 мартдан бошлаб тиббий ниқобсиз ҳаракатланиш тақиқланди. 25 март куни соат 6:00дан бошлаб жамоат жойларида ушбу тартибни бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари (223 минг сўм) миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса — БҲМнинг уч баробари (669 минг сўм) миқдорида жарима қўлланилиши белгиланди. Чеклов мана икки ойки амалда қолмоқда.

Ниқобларга мослашиш керак ва эҳтимол бу узоқ давом этади. Респиратор ҳимоя воситаларидан фойдаланиш «янги одатийликнинг» бир қисмига айланиши аллақачон тахмин қилинмоқда.

Албатта, ҳамма ҳам бундан мамнун эмас. Кўпчилик терининг ниқоб остида қичишиши, тирналиш ҳисси ва тошмалар пайдо бўлишидан шикоят қилмоқда. 

Ниқобнинг терига таъсири қандай?
Агар уни бир ёки икки соат давомида тақилса – деярли ҳеч қандай. Аммо узоқроқ ҳимояланишга тўғри келса, ножўя таъсирлар кузатилиши мумкин. Британиянинг Ҳаддерсфилд университети тадқиқотчилари уларнинг рўйхатини тузишди. 

Механик тирнаш хусусияти
Ниқоб юзга маҳкам ўрнашиши керак. Бу терини сиқишини англатади. Агар ҳимоя ниқоби бир неча соат кийилса, қон айланиши бузилади. Тери озуқа етишмаслигидан азият чекади, териси кўча бошлайди. 

Яна бир томони – ниқоб юзни шилади, қадоқ қилиб қўяди. Шу сабабли, ёғ безлари иши фаоллашади. Эпидермис ёғга тўлади, нафас олувчи тешиклари ортиқча тери ёғи билан тўлиб қолади, бу эса акнелар пайдо бўлишига олиб келади.

Терлаш
Ниқоб остида юз тез-тез терлайди. Юқори намлик микробларнинг кўпайиши учун мукаммал шароитни ҳосил қилади. Улар доимий ишқаланиш туфайли терида пайдо бўладиган энг кичик ёриқларга осонгина кириб боради. Шу орқали яллиғланиш пайдо бўлади.

Аллергик реакциялар
Бир марталик дорихона ниқоблари гипоаллерген материаллардан тайёрланган. Синтетик матодан тайёрланган ниқобнинг аллергик реакция (контакт дерматит) келтириб чиқариши тайин.

Тери кўчиши, тирналиш ҳисси, қичишиш ниқобни эфир мойига намлаб олинганда ҳам юзага келиши мумкин. Ёки ниқобни терингизга мос бўлмаган восита орқали ювганингизда шу каби муаммога дуч келасиз.

  • Кимдир том маънода ниқобни оқартирувчи моддага шимдириб, қуритиб ва шу орқали уни Covid-19’дан тўлиқ ҳимояладим деб ўйлаб юзига тақмоқда. Аммо ундай эмас: энди қичишиш кузатилади ва кун давомида оқартирувчи модда билан нафас оласиз.