“Истаймизми-йўқми, [мамлакатимиздаги жазони ижро этиш муассасаларида, тергов изоляторларида, махсус ҳибсхоналарда] қийноқлар масаласи бор. Олдин ҳам жуда кўп бўлган, фақат Ўзбекистон ҳукумати буни тан олмаган. Лекин охирги йилларда Ўзбекистонда қийноқлар масаласи мавжуд эканини ошкор этмоқда. Олдинроқ президент томонидан камбағаллик масаласи айтиб ўтилди. Қийноқлар масаласи ҳам шундай: ҳозир ҳам Ўзбекистонда мавжуд.
Қийноқлар бўйича Омбудсманга келаётган мурожаатларни таҳлил қиладиган бўлсак, 2019 йилда бу масалада 138 та шикоят юборилган. Булар маҳкумларнинг ўзлари, қариндошлари томонидан ёзилган. Шикоятларнинг мониторинги расмий сайтимизда ҳам доимий олиб борилади ва Олий Мажлисга ҳисобот сифатида тақдим этиб борилади”, дея Улуғбек Муҳаммадиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Омбудсманнинг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботида қайд этилишича, 2019 йил давомида қийноқлар бўйича 138 та шикоят келиб тушган ва уларнинг барчаси кўриб чиқилган. Натижалари бўйича Бош прокуратура томонидан жиноий иш қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 4 та қарор бекор қилиниб, қўшимча терговга юборилган, 31 та ҳолат бўйича протест киритиш учун асослар топилмаган, 45 та ҳолат бўйича баён этилган фактлар ўз тасдиғини топмаган, 18 та мурожаат ишларни судларда кўриб чиқиш муносабати билан процессуал тартибда судга юборилган.
Ҳисоботда келтирилишича, аксарият ҳолларда, ўзаро нотаниш бўлган турли шахслар томонидан ёзилган шикоятларда уларга нисбатан ноқонуний усуллар қуйидаги вилоятлар (туман) ички ишлар органлари ходимлари томонидан амалга оширилганлигини кўрсатиб ўтишган:
- Тошкент вилояти (Ангрен шаҳри Пскент тумани Товоқсойдаги 7-сонли КИН, ЖИЭББнинг 1-сонли тергов ҳибсхонаси);
- Қашқадарё вилояти (Қарши шаҳар, Шаҳрисабз тумани ИИБ, Қарши шаҳридаги 3-сонли КИН);
- Бухоро вилояти (Бухоро шаҳри Жондор тумани ИИБ, Қоровулбозордаги 17-сонли КИН);
















