Қайта тикланувчи энергия ҳажми ўсиши 20 йил ичида илк марта пасайиши кутилмоқда
Дунё миқёсида қайта тикланувчи энергиянинг 2020 ва 2021 йилги ўсиш кўрсаткичи пандемиядан олдин тахмин қилинганидан 10 фоиз камроқ бўлиши прогноз қилиняпти.
Халқаро энергетика агентлиги ахборотига таяниб, Reuters тарқатган хабарга кўра, пандемия фонида бу йил қайта тикланувчи энергиянинг ўсиш кўрсаткичи 20 йил ичида биринчи марта пасайиши кутилмоқда.
Тахминлар қилинишича, келаси йилдан қайта тикланувчи энергия яна ўсиш кўрсаткичини қайд қилади.
Айни пайтда дунёда шамол турбиналари, қуёш панеллари ва бошқа қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқарувчи ускуналар ўрнатилиши камайган. Чунки карантин чекловлари сабаб савдо ва саноат секторида энергияга бўлган талаб камайди, логистика билан боғлиқ муаммолар ҳам кузатилди.
«Мамлакатлар янги шамол турбиналари ва қуёш панеллари ўрнатишяпти, фақат бу борада ишлар бироз секинлик билан қилиняпти. Пандемия бошланишидан олдинроқ эса иқлим ва энергетика мақсадларига эришиш учун қайта тикланувчи энергия истеъмолини кўпайтириш зарур эди», – дейди Халқаро энергетика агентлиги ижрочи директори Фотиҳ Бирол.
Агентликнинг маркетинг ҳисоботига кўра, бу йил қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш қувватларига 167 гигаватт қўшилади, бу – ўтган йилги кўрсаткичдан 13 фоизга кам.
Бироқ умумий ҳисобда дунёдаги қайта тикланувчи энергия манбалари қуввати 2020 йилда олдинги йилга солиштирганда 6 фоизга кўпайиши кутиляпти.
2021 йилдан бошлаб ишлаб чиқариладиган қайта тикланувчи энергия ҳажми ўсиши 2019 йилдаги даража қайтиши кутилмоқда. Ҳозирда айрим кечиктирилган лойиҳалар онлайн музокараларда кўриб чиқиляпти, ҳукуматларнинг соҳани қўллаб-қувватлашидан ҳам умид қилиняпти.
Умумий ҳисобда, қайта тикланувчи энергиянинг 2020 ва 2021 йилги ўсиш кўрсаткичи пандемиядан олдин тахмин қилинганидан 10 фоиз камроқ бўлиши кутиляпти.
Мавзуга оид
09:30 / 07.11.2024
Наманганда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди
09:29 / 06.11.2024
Ўзбекистонда 2030 йилгача “яшил” энергия манбалари 40 фоизга етказилади
10:10 / 29.10.2024
Малайзия Ўзбекистон давлат идораларига қуёш панелларини ўрнатишни бошлайди
10:10 / 25.10.2024