Ўзбекистонда кейинги йилларда давлат бошқарувида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар замирида давлат идораларининг халқимиз олдидаги масъулиятини кучайтириш, жамиятни ислоҳотларнинг бош ташаббускорига айлантиришдек эзгу мақсадлар мужассам.

Коронавирус пандемияси ва бошқа сабаблар натижасида дунё иқтисодиётида мураккаб вазият юзага келди. Инқироз шароитида мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, муаммоли масалаларни тезроқ ҳал этиш, аҳоли даромадлари, харид қобилияти кескин тушиб кетишининг олдини олиш каби долзарб масалалар турибди.

Шу йил бошида Давлатимиз раҳбари парламентга Мурожаатномасида Олий Мажлис палаталари фаолиятини кучайтириш, янги босқичга олиб чиқиш бўйича зарурий таклиф ҳамда ташаббусларни илгари сурди. Умуман, охирги йилларда парламентнинг давлат бошқарувидаги мавқеи, жамиятдаги ўрни анча мустаҳкамланди, таъсир кучи ҳам ошиб боряпти. Барча депутатлар ҳозирги талаблар даражасида катта масъулият билан фаолият юритиши, эл-юрт ишончини оқлаши зарур, албатта.

Президентимиз ҳар ҳафта юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти билан боғлиқ жуда муҳим масалаларда танқидий йиғилишлар ўтказиб, соҳалар зиммасида турган асосий вазифаларни аниқ белгилаб бермоқда.

28 май куни иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Давлат раҳбари Ўзбекистон бозор иқтисодиётига қатъий ўтиши жараёнида рақобат масаласи принципиал аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Аниқ ва аччиқ саволлар берилди.

“...Мени ташвишлантирадиган масала шуки, корхоналаримиз ташқи рақобатга бардош бера оладими? Четдан товар кириб келса, юртимизда ишлаб чиқарилган худди шундай маҳсулот унга рақобатчи бўла оладими?.. Рақобат бўлмаса, сифат бўлмайди, нарх тушмайди. Замон ўзгаряпти, лекин монопол корхоналар ўзгара олмаяпти. Қатъий чоралар кўриш вақти-соати келди. Иқтисодиётда бу ҳаёт-мамотимиз”, деди Президент.

Маълум қилинишича, бугунги кунда 31 та товарлар гуруҳи ва 82 турдаги хизматлар бозорида 245 та корхона монопол ҳолатда сақланиб қолмоқда. Бу эса товарлар ва хизматларнинг сифати, нархи, истеъмолчиларга танлов имкониятини яратиш масалаларида муаммолар оз эмаслигини англатади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси юқори ижтимоий аҳамиятга эга товар ва хизматлар нархлари ҳамда тарифлари ошиб кетмаслиги учун тизимли ишлар амалга оширилиши керак, деб ҳисоблайди.

Ҳар сафар бундай маҳсулот ва хизматларнинг нархи ўзгариши ҳақида хабарлар чиқиши билан турли фикрлар, нуқтаи-назарлар билдирилади. Яқиндагина автомобиллар нархи ошиши ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларни ларзага солган, ОАВ бу борадаги мунозараларни фаол ёритиб борган эди. Мана, охирги кунларда бензин нархи ошиши ҳақида гап-сўзлар кўпайди.