Рубио Самарқанд кўп асрлар давомида халқаро савдо алоқаларининг муҳим маркази бўлиб келганини таъкидлаган. Бугун эса ушбу замин икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган мулоқотларга мезбонлик қилмоқда.

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева давлат котибининг Ўзбекистонга илк ташрифи айнан Самарқандда ўтаётгани ўзига хос рамзий маънога эга эканини қайд этган.

Аввалроқ Рубио Ўзбекистонга Америка компанияларининг юз нафардан ортиқ вакилидан иборат делегация бошчилигида ташриф буюраётгани хабар қилинган эди.

Ташриф дастурида Самарқандда C5+1 формати — Марказий Осиёнинг беш давлати ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг учрашуви ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти ва минтақа мамлакатлари вакиллари билан музокаралар режалаштирилган.

Учрашувларнинг асосий мавзулари иқтисодий ҳамкорлик, савдо, хусусий инвестициялар, энергетика хавфсизлиги ва минтақавий ўзаро боғлиқликни ривожлантиришдан иборат.

Самарқанд C5+1 формати тарихида ҳам алоҳида ўрин тутади: ушбу мулоқот майдони 2015 йил ноябр ойида айнан шу шаҳарда ишга туширилган. У Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва АҚШни бирлаштиради.
















