Туркиянинг Aksa Elektric компанияси бир ҳафта ичида Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг тақсимловчи электр тармоқлари бўйича келишувларни имзолашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания директорлар кенгаши раиси Жамил Казанжи «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

«Бизга аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган лойиҳа лар тақдим этилди. Энди уларни тез фурсатда ўрганиб, ўз таклифларимизни билдирамиз. Ушбу ташрифимиз аниқ келишувлар билан якунланишини истаймиз», — деди Aksa раҳбари.

Казанжининг сўзларига кўра, ҳозиргача компания Ўзбекистонга 750 млн доллар сармоя киритиб, тўртта электр станциясини қурди.

«Келгусида электр энергияси ва газни тақсимлаш соҳасида ҳам фаолиятимизни давом эттирамиз», — деди у.

Аввалроқ, Самарқанд вилоятидаги электр тармоқларини модернизация қилиш ва бошқариш бўйича Aksa компанияси билан давлат-хусусий шериклик битими тузилганди. Хусусий шерик 12 йил давомида 357 млн доллар, шу жумладан дастлабки 2 йил ичида камида 27 млн доллар тўғридан тўғри инвестиция киритиш мажбуриятини олмоқда. Aksa тармоқларни модернизация қилиб, йўқотишларни камайтириши керак, давлат эса битимга мувофиқ инвесторнинг даромадини кафолатлайди.