Наманган вилоятида 4 нафар, Самарқанд вилоятида эса 7 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайиб, реабилитацияга кузатилди.
Наманганда шу вақтгача касаллик қайд этилган 260 кишидан 4 нафари вафот этган, 251 нафари тузалган. Эндиликда шифохонада 5 нафар қолмоқда ва ушбу вилоят коронавирусдан холи ҳудуд бўлишга яқинлашди.
Самарқанд вилоятида эса жами касаллик аниқланганлар 363 нафар бўлиб, шу вақтгача соғайганлар сони 299 нафарга етган, 2 бемор вафот этган. Айни пайтда даволанаётганлар сони 62 нафарни ташкил этмоқда.
Шундай қилиб, ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайган беморлар сони 2919 нафарни ташкил этмоқда.
Ҳозирда шифохоналарда 835 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 10 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда.










