Ҳисоботга кўра, Ўзбекистондаги болаларнинг аксарияти кам даромадли оилаларда яшайди. Камбағалликнинг энг юқори даражаси болалар орасида, болаларни тарбия қилувчи катталар ҳамда 80 ёш ва ундан юқори бўлганлар орасида кузатилади.

«Болалар учун ажратиладаган нафақа пулини босқичма-босқич кўпайтириб бориш давлат харажатларини кескин оширмаган ҳолда бола пули оладиганлар сонини ошириш имконини беради.

Келажакда малакали ишчи кучига эга бўлиш учун Ўзбекистон бугун болалар ва ёшларга инвестиция киритиши керак. Болалар учун нафақа пули оилада бола тарбияси ва ривожланиши учун зарур муҳитни ҳосил қилишда муҳим аҳамиятга эга. Бола нафақаси инсон капиталини ривожлантириш учун зарур», – дейилади ЮНИСЕФ ҳисоботида.

Прогнозларга кўра, 2030-2040 йилларда Ўзбекистонда меҳнатга яроқли аҳоли сони тарихдаги энг юқори кўрсаткичга чиқади.

«Инсон капиталининг сифат нуқтайи назардан юқори бўлиши эса бу даврда ижтимоий-иқтисодий ривожланишда сакрашни амалга ошириш имконини беради», – таъкидланган ҳисоботда.

Кўрсатилишича, кам таъминланган оилалар фарзандларининг мактабгача таълимдан фойдаланиш эҳтимоли тенгдошларига қараганда 1,4 бараварга кам.

Ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим олиш имконияти эса тенгқурлариникидан сезиларли фарқ қилади: 7-15 ёшдаги ногиронлиги бўлган болаларнинг 13 фоизи мактабга бормайди, ногиронлиги бўлган ёшларнинг учдан бир қисми таълимнинг бирон шаклида иштирок этмайди.

ЮНИСЕФ ҳисоботида Ўзбекистонда болалар ва ёшлар учун ижтимоий ҳимоя тизимининг самарасиз экани сабаблари кўрсатилган.

Унга кўра, бола парвариши бўйича нафақа ёки болали оилалар учун нафақа қисқа вақт давомида берилади. Маҳаллалар нафақа маблағларини кўп сонли оилаларга тақсимлашга мажбур бўлишади. Аммо кўплаб оилалар нафақа олишга ҳақдор бўлса-да, маблағ етишмаслиги туфайли ёки нафақа ололмайди, ёки узоқ вақт навбат кутиб қолади.

Яна бир сабаб – кам таъминланганлар учун манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг яхши йўлга қўйилмаганидир.