* Интервью олингандан сўнг суҳбатдошимиз Жаъфар Ирисметовнинг онаси оламдан ўтгани маълум бўлди. Ижодий жамоамиз Жаъфар Ирисметов ва оиласига ҳамдардлик изҳор қилади.
– Жаъфар ака, яқинда Жалолиддин Машарипов билан суҳбатлашганимизда, «Пахтакор» уни қўйиб юборса, яхши бўлиши ҳақида гапирди. Шу масалага ойдинлик киритсангиз, Машариповнинг трансфер нархи қанча?
– Тўғриси, Арвеладзе Машариповни ўзимизда олиб қолишни истаяпти. Биласиз, у жамоа етакчиларидан. Пандемия сабабли Осиё чемпионлар лигаси тақдири сўроқ остида қолган бўлса-да, бу мусобақадаги вазифамиз камида ярим финалгача бориш. Шу боис Жалолиддинни қўйиб юбориш ниятимиз йўқ эди.
Бу масалада Чемпионлар Лигасидаги вазиятга қараб иш тутмоқчи эдик. Яъни, ОЧЛ давом эттирилса, трансфер масаласи ҳақида ўйламаётгандик, мусобақа давом этмаслиги аниқ бўлса, бу ҳақда ўйласа бўларди. Чунки Машариповнинг ҳам кетадиган вақти бўлган. Футболчининг ўзи айтганидек, «Трабзонспор» ҳали реал сумма ҳақида гапиргани йўқ. Бошқа араб клубларидан таклиф бор, аммо ҳали клуб истаган маблағ таклиф қилингани йўқ. Машариповнинг трансфер масаласи ҳозирча очиқ қолмоқда.
– Футболчининг ўзи билан гаплашиб кўрдингизми?
– Машариповнинг ўзи «Пахтакор»дан чиққанман, бу клуб учун жонимни бераман, деяпти. Биласиз, «Пахтакор» молиявий жиҳатдан араб давлатларининг бой клублари билан рақобатлаша олмайди. Мисол учун, улар таклиф қилаётган шароитларни биз футболчиларга яратиб бера олмаймиз. Шунга қарамай, Машарипов билан музокара олиб бориб, амалдаги шартномасини янгилашга ҳаракат қиляпмиз. Яъни, маошини ҳам кўтариб, уни олиб қолиш ҳаракатидамиз. Унинг амалдаги шартномаси яна бир йил амал қилади.
– Айтайлик, Жалолиддин кетаман деб туриб олса, охирги қарорни клуб қабул қиладими ёки футболчининг кўнглига қарайсизларми?
– Бу масалада биз футболчини, у эса клубни тушуниши лозим. Икки томон келишган ҳолда бир қарорга келамиз. Жалолиддин охирги икки йилда катта ўсишга эришди ва бунда клубнинг ҳам ҳиссаси бор. «Пахтакор» уни яхшигина реклама қилди. Энди олтин оралиқни топишимиз керак.
– Футболчининг ўзи Осиё эмас, Европага кетмоқчи эканлигини айтди. «Трабзонспор»нинг таклифи жиддий бўлса, клуб Машариповнинг ўрнига бошқа футболчи топиб, уни қўйиб юбориши яхши эмасми?
– Яхши, лекин «Трабзонспор»да Машариповнинг нуқтасида нигериялик футболчи яхши ўйин кўрсатмоқда. Буни ҳам ҳисобга олиш керак. Футболчимиз у ерда захирада қолиб кетиши ҳам мумкин. Бу миллий жамоага минус бўлиши мумкин. Балки улар бу трансферни захира варианти сифатида кўришаётгандир? Ҳар ҳолда исталган клуб бир чизиқда иккита яхши футболчиси бўлишини истайди. Агар Жалолиддин аниқ асосий таркибда ўйнайдиган бўлса, албатта Европага кетиш яхши вариант.















