Спорт | 17:03 / 13.02.2019
12128
3 дақиқада ўқилади

Жаъфар Ирисметов ўрнига «Пахтакор»га спорт директори тайинланди

Жаъфар Ирисметов / Фото:  «Championat.asia»

«Пахтакор» футбол клубида Азиз Турғунбоев можароси юзасидан 5 февраль куни ЎФА томонидан чиқарилган қарор асосида йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар берди клуб расмий сайти.

Клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби ва ходимлар иштирокида ўтган йиғилишда футболчиларнинг ўтиши ва мақоми борасида умумий қоидаларга риоя этиш, регламентдаги баъзи жиҳатлар хусусида сўз юритилган. Қатнашчиларга ЎФА ва ПФЛ регламенти, қоидаларига амал кўриб иш тутиш лозимлиги яна бир бор эслатиб ўтилган.

«Эндиликда ЎФАнинг тартиб интизом қўмитаси томонидан 6 ойга дисквалификация қилинган Жаъфар Ирисметов ўрнига спорт директори лавозимида «Пахтакор» техник директори Собир Ходиев фаолият олиб боради.

«Пахтакор» футбол клуби ҳамиша ЎФА ва ПФЛ қоидалари, регламентига мос иш кўради, ушбу ташкилотлар қарорларига ҳурмат билан муносабатда бўлади», – дейилади хабарда.

Собир Ходиев / Фото: «Пахтакор» ФК

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта яримҳимоячи Азиз Турғунбоев можароси юзасидан ЎФА қарори қабул қилинган, унга асосан Ирисметовдан ташқари, «Навбаҳор» томондан вице-президент Шамшод Сариков ва бош директор Русал Акромов ярим йилга, наманганликлар клуби собиқ бош мураббий Илҳом Мўминжонов 1 йилга футболдан четлатилганди. Шунингдек, футболчининг ўзи ёзги трансфер ойнасига қадар дисквалификация қилинган.

Қарор тўғрисидаги ЎФА ахборотига кўра, «Пахтакор» спорт директори Жаъфар Ирисметов ўзи фаолият олиб бораётган клуб Азиз Турғунбоевнинг трансфери масаласи юзасидан «Навбаҳор»га расмий чиқиш қилмаган бўлса-да, футболчининг ўзи, жамоа мураббийи Илҳом Мўминжонов ҳамда футбол агентлари билан бемалол иш олиб бораверган.

«Яъни, Турғунбоевнинг «Навбаҳор» билан шартномаси якунига 6 ойдан кўпроқ вақт бўлса-да, Ирисметов регламентга зид равишда клубни расмий огоҳлантирмай, у билан алоқага чиқаверган. Суҳбат давомида Ирисметов буни ўзи тан олди.

Шунингдек, Ирисметов «Навбаҳор» билан иккинчи шартномага қўл қўймаслик, бу регламентнинг бузилиши бўлиши ҳақида Турғунбоевни тўғри огоҳлантирган. Бироқ спорт директори сифатида ўзи юқоридаги хатога йўл қўйган, шунингдек, «Пахтакор» таркибига келиб қўшилмаса, футболчини 2 йил футболдан четлаштириб юбориш билан қўрқитган. Ваҳоланки, бу ишни у ЎФА орқали ҳал қилиши мумкин эди. Футболчига бўлган босим эса ортиқча», – дейилганди ЎФА баёнотида.

Мавзуга оид