«Черан ва Сергеевга «Бурирам Юнайтед» харидор бўлмоқда»
- Жамоадан 5 киши кетди. Асосий йўқотишларимиз Жалолиддин Машарипов ва Достонбек Ҳамдамов. Игорь Сергеев йиғинга қўшилмагани сабаби – биз у билан музокаралар олиб боряпмиз ва имкон қадар клубда олиб қолмоқчимиз. Ҳар бир футболчи фаолияти давомида шароитини яхшилаб олгиси келади. Биласиз, футболчининг фаолияти қисқа. Айни пайтда нафақат Сергеев билан, умуман олганда бизга бироз қийин бўлаётган жиҳат шуки, футболчиларимизга таклифлар кўп ва хориж жамоалари асосан катта маош эвазига футболчиларимизни чорлаяпти. Биз эса бундай маошлар тўлашимиз қийинроқ ва айнан шу сабабли ўйинчиларимизни ушлаб қолишимиз қийин бўляпти.
Ўзбекистон миқёсида маошларни кўтариб юбормасликка ҳаракат қиляпмиз, чунки бошқа клубларимиз ҳам қийналиб қолиши мумкин бу даражага етказа олмай. Деярли 90 фоиз футболчиларимизни сақлаб қола олдик. Ўтган мавсум ҳам, бунисида ҳам Таиланднинг «Бурирам Юнайтед» клуби Сергеев ва Черанга харидор бўлмоқда. Игорга раҳмат, ўтган мавсум ўйнаб берди, чунки ўзаро оғзаки, эркакча келишувимиз бор эди ва у бунга амал қилди. У «Пахтакор» тарбияланувчиси ва бизга керак бўлган пайтда йўқ демади. Акс ҳолда ўтган мавсумдаёқ анча катта маош берадиган жамоага кетиши мумкин эди. У 2 йилдан бери юқори даражада ўйнаяпти, кўплаб голлар уряпти. Фикримча, Шомуродовни ҳисобга олмасак, у Ўзбекистондаги энг кучли ҳужумчи – Ўзбекистонда тўп тепаётган ҳужумчилар орасида энг кучлиси. Бошқа ҳужумчилар ҳам яхши, лекин Игорнинг натижалари рақамларда ҳам кўриниб турибди. Музокаралар давом этяпти, унинг ўзи ҳам бизнинг таклифимизни кутяпти. Осон бўлмайди. Амирликлар жамоаларидан ҳам катта қийматли таклифлар бор. Рақамлар ва жамоаларни ошкор қилолмайман, ҳаммаси якунига етса, билиб оласиз. Ҳа майли, олти рақамли суммалар эканини айта қолай.
Футболчиларимиз бизга керак. Иложи борича ушлаб қолишга уринамиз, аммо юқорида айтганимдек, катта пулли таклифлар олдида бироз қийналиб қоляпмиз. Масалан, Ислом Кенжабоев «Насаф»дан Кореяга кетди. Адашмасам, унинг маоши бу ердагидан 5 баробар кўп бўлган. Қаранг, айнан молиявий афзалликлар роль ўйнаяпти, бўлмаса Ўзбекистонда ҳам ўйнаб юраверса бўларди-ку.
«Нархи 700.000 доллар бўлган Достон Ҳамдамов эркин агент сифатида кетди»
- Мен ўзим футболчи бўлганман ва футболчиларни жуда яхши тушунаман. Ҳаммамиз ватанпарвармиз, лекин кимдир сизга «кел, фалон йил футбол ўйнагандинг, манавини олиб қўй», демайди. Фаолиятимиз қисқа. Футболни тугатгандан кейинги ҳаётимизни ҳам ўйлашимиз керак. Боринг ана, 35 ёшгача ўйнаймиз. Кейин-чи? Ҳамма ҳам функционер бўла олмайди. 3-4 киши мураббий бўлар, яна кимлардир спорт директори бўлар, яна кимдир администратор, аммо барча футболчилар ҳам шу йўналишда кетмайди-да. Собиқ футболчиларнинг 70 фоизи ишсиз қолади. Ўша фаолиятимизда орттирган пулларни кейин бизнесга тикамиз ё бошқа ишлар қиламиз...















