Қайд этилишича, Республика махсус комиссияси хабарида карантин талабларига амал қилиш асосида айрим фаолият турларига рухсат берилди. Масжидлар 2020 йил 8 июндан бошлаб фақат «яшил» ҳудудларда фаолиятини бошлаши, ушбу масканларда 5–8 июнь кунлари санитар чоралар кўрилиши эълон қилинди.

«Ҳақиқатан, барча мўмин-мусулмонларимиз масжидларда намоз ўқишни жуда соғинишди, буни илҳақлик билан кутаётгандилар. Алҳамдулиллаҳ, масжидлар эшиклари мўмин-мусулмонларимизга яна очилди, карантин мезонларига амал қилган ҳолда «яшил» ҳудудларда файзли ибодатларни бошлаймиз. Қолган «сариқ» ва «қизил» ҳудудларда яна бир оз сабр қилсак, ушбу касаллик хавфи камайса, у ерларда ҳам масжидлар фаолиятига рухсат этилади, инша Аллоҳ», - дейилади баёнотда.

Билдирилишича, Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидлар фаолиятини карантин даврида ташкил этиш, масжид иш фаолиятини санитария-эпидемиологик қоидаларга мувофиқ юритиш ва ибодатларни адо этиш учун зарур шарт-шароитларни ҳозирлаш борасида қуйидаги тавсиялар ишлаб чиқилди.

1. Республика махсус комиссияси томонидан туман-шаҳар кесимида «яшил» ҳудуд сифатида тоифага ажратилган минтақалардаги масжидларда 2020 йил 8 июнь, душанба куни бомдод намозидан бошлаб, кунлик беш вақт фарз намозларини ижтимоий масофаланишни сақлаган ҳолда (1,5-2 метр) адо этиш.

2. Масжидларда ибодатларни ташкил этиш бўйича қуйидаги талаблар белгиланди:

масжиднинг кириш жойини дезинфекцион «тўшак»лар билан жиҳозлаш, бирламчи дезинфекциялаш воситалари билан таъминлаш;

ҳар бир намозхон тиббий ниқобда бўлиши, масжидга киришда қўлларини дезинфекциялаш воситасидан фойдаланиши;

масжидга ташриф буюрган ҳар бир шахснинг касаллик аломатларини текшириш, тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлган ҳолатда фуқароларни алоҳидалаш ва 103 телефон рақами орқали тез тиббий ёрдамга хабар бериш;

таҳоратхонадан фақат зарур шароитлар яратилган (бир марталик сочиқ-салфетка, антисептик воситалар, суюқ совунлар билан таъминлаш, қисқа муддатларда дезинфекция қилиш), ижтимоий масофаланиш сақланган ҳолларда фойдаланиш;

масжидда қўл бериб ёки қучоқлашиб саломлашиш тақиқланиши;

масжид бинолари ва ҳудудини ҳар куни дезинфекция қилиш, хоналарни шамоллатиш;