Дунёнинг катта қисми уйдан ўтирган, дўконлар ишламаган, одамлар иҳоталанган бир вақтда Стокҳолм ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳаёт худди аввалгидек давом этаверди. У ерда савдо марказлари, қаҳвахона, мактаб ва бошқа жамоат жойлари ўз фаолиятини тўхтатмади. Ниқоб тақиш ёки бошқа ҳимоя воситалари ҳақида ҳеч қандай буйруқ чиқарилмади. Бари ўз ҳолига ташлаб қўйилди, қандай йўл тутишни фуқароларнинг ўзлари ҳал қилишди. Бу эса жиддий хавф келтириб чиқарарди.
Аввалига касалланганлар ва коронавирусдан вафот этганлар кўрсаткичи кескин ўсмади. Пандемияни иҳоталанишсиз ҳам енгиш мумкиндек туюлди. Бироқ икки ҳафта ўтгач, яъни коронавируснинг инкубацион даври тугагач, касалланганлар сони кескин орта бошлади. Бироқ ҳатто бу ҳолатда ҳам ҳукумат вакиллари томонидан ҳеч қандай карантин чоралари жорий этилмади. Кимдир уйдан ишлашни бошлади, вазиятни тўғри англаганлар заруратсиз кўчага чиқмай қўйишди, бироқ ҳаёт кўп жиҳатдан аввалгидек давом этаверди.
Коронавирус Швецияда
Ҳозирда аҳвол қандай? Швецияда ҳар миллион кишига 219 нафар бемор тўғри келяпти. Испанияда эпидемияда авж олган вақтда бир миллион кишига 185 нафар бемор тўғри келарди. Ҳозирда амалга оширилган карантин чоралари туфайли Испанияда вирусни жиловлашга муваффақ бўлинди, одамлар нормал ҳаётга қайта бошлашган.
Энг оғир вазият кузатилган, икки миллионга яқин киши коронавирус билан касалланган АҚШда пандемия авж олган вақтда беморлар сони ҳар миллион кишига 118 нафарни ташкил қилди. АҚШда ҳар миллион кишидан 56 минг нафарида тест ўтказилди. Швецияда эса бу кўрсаткич бор-йўғи 27 мингтани ташкил қилди. Табиийки, тестлар қанча кам ўтказилса, короновирусга чалинганлар ҳам шунча кам аниқланади.

Ҳозирда Европанинг кўплаб мамлакатларида карантинни бошдан кечириб, касалланганлар сони суръати пасайгани сабабли дўконлар ва қаҳвахоналар очилаётган, одамлар эса ишга чиқишаётган бир вақтда Швецияда барчаси энди бошланмоқда. Ушбу мамлакатга яқин жойлашган Финляндия, Норвегия ва Данияда коронавирусдан ўлим кўрсаткичи 7, ҳатто 10 марта камроқ. Чунки у ерда карантин чоралари ўз вақтида киритилганди. Яна бир жиҳати, Швеция коронавирусдан соғайганлар сони ҳақидаги маълумотларни тақдим этмаяпти.

















