– Диёр, чемпионат тикланиши маълум бўлгач, клублар машғулотларни бошлаб юборди. Улар яна қўшимча текширувлардан ўтадими?
– Шу вақтгача 6-7та клуб коронавирусга тест топшириб бўлган. Ўйинлар бошлангунча ҳаммани текшириб бўламиз.
– Жамоаларнинг стадионга келиш тартиби қандай бўлади?
– Клублар стадионга бошқа-бошқа вақтда келади. Биз махсус ролик тайёрлаяпмиз ва унда клублар стадионга келишидан автобус дезинфекция қилинишигача кўрсатилган. Масалан, автобусда олдин ҳамма ёнма-ён ўтирган бўлса, ҳозир «зигзаг» кўринишида ўтиришади. Бундан ташқари, ҳар бир футболчи ечиниш хонасигача текширувдан ўтиб кириб боради. Ўйинга ярим соат қолганида спорт журналистларини битта-битта текшириб киритишни бошлаймиз, чунки ўйин бошлангунга қадар футболчилар ва журналистларнинг учрашишига йўл қўймаслик керак. Журналистлар, фотографлар ўз ўрнини эгаллагач, футболчилар майдонга чиқиб келади. Стадионда футболчилардан бошқа ҳамма ниқобда бўлади.

– Мухлислар бўлмаганидан кейин стадионда милиция ходимларининг ҳам кераги бўлмас?
– Милиция ходимлари стадионда бўлиши шарт. Биринчидан, бу протоколда кўрсатилган. Бундан ташқари, ўйинга киришни хоҳлаб қолувчи қизиққон мухлислар учраб қолиши мумкин. Милиция ходимларисиз тартибни сақлай олмаймиз. Стадионда умумий ҳисобда 250 киши бўлишини мўлжаллаяпмиз. Бундан оширмасликка ҳаракат қиламиз.
– Ўйинларнинг ўтишида асосий ишни мезбон жамоа қилса-да, ПФЛ барчасини назорат қилади. Шу томондан олганда, ПФЛ ҳозир тўлиқ иш фаолиятига ўтди десак бўладими?
– Тўлиқ бўлмаса ҳам, иш жараёнига аралашиши шарт бўлган ходимлар ишга чиққан. Карантин талаблари 15 июнгача узайтирилган, аммо биз мусобақани ўтказишимиз керак, шу сабаб керак ходимларимиз ишламоқда. Ҳозир иш энг кўп бўлган вақт.
– ПФЛ «Бунёдкор» стадионида икки йилдан буён фаолият олиб бормоқда. Бу ерда қайси асосида ишлайсизлар?
– «Бунёдкор» стадионига ижара тўлаймиз. Бизга умумий 8та хона ажратилган. ПФЛ доим ёпиқ ташкилотдек кўринган, лекин ундай эмас.















