Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров «Америка овози»га интервьюсида капитал бозорини ривожланиши олдидаги тўсиқлар, компанияларнинг IPO ташкил қилиши (фонд биржасига қўшилиши) қанчалик осонлиги ва бошқа масалалар юзасидан турли саволларга жавоб берди.

Ривожланган мамлакатлардаги каби капитал бозорини яратиш учун Ўзбекистонга яна қанча вақт керак?

– Менимча, камида 5 йил вақт керак.

Беш йилни кўпчилик оптимистик қараш деб ҳисоблаши мумкин.

– Агар биз фундаментини маҳкам, қоидаларини тўғри қилиб, қура олсак, тезроқ ҳам ўсиш мумкин. Агар бошидан фундамент, қоидаларни тўғри қилолмасак, ягона сиёсат орқали ҳамма компонентларни ривожлантира олмасак, ана шунда қийналамиз. Ана шунда 10 йилда ҳам, 20 йилда ҳам бўлолмайди.

Чунки шу пайтгача 30 йилда бўлмади.

– Афсуски, 30 йилда бўлмади. Тўғри айтасиз.

Мақсадлардан бири нафақат маҳаллий иштирокчилар, балки халқаро инвесторлар учун бозор яратиш. Чунки кўплаб компанияларга хориждан инвесторлар кириши муҳим. Айтганингиздек, нафақат банк кредити орқали, балки акциялар, бошқа молиявий маҳсулотларни сотиш орқали Ўзбекистон бозори, иқтисодиёти учун инвестор йиғиш. Бунда муҳим масалалардан бири – ишонч. Яъни Ўзбекистонда нафақат бозорнинг, балки иқтисодиётда тўғри, адолатли қоидалар асосида ишлашига ишонч. Масалан, мол-мулк дахлсизлиги ва ҳимояси. Бу агентлик фаолиятига қанчалик боғлиқ билмадим. Мана шу масалаларда нималар қилиш керак? Яъни ишончни ошириш учун қонунчиликни яратишнинг ўзи кифоя қиладими? Нималар қилиш керак деб ўйлайсиз?

– Ҳозирги олиб борилаётган сиёсат тўғри йўлда кетяпти. Муҳтарам президентимиз ҳам ҳар доим йиғилишларда асосий кучларини қаратяптилар. Бу адолат. Давлатимизда, давлат идораларида адолат деган нарса керак. Агар адолат бўлмаса, бу - коррупциянинг энг асосий йўллари. Бунинг учун бизга мустақил судьялар керак. Бизнес можаролар бўлган пайтда судьялар адолатли қарорларни чиқариши учун. Бу менимча бизнинг энг асосий муаммомиз. Унга кўпроқ аҳамият бериб, устида ишлашимиз керак.

Хоҳ маҳаллий, хоҳ халқаро инвесторлар шундай қонунбузарлик ҳолатларига учраганида агентлик, беш йил ичида эҳтимол пайдо бўладиган назорат қиладиган янги идоранинг бу муаммоларни ҳал қилишда ёки инвесторларни ҳимоя қилишда роли бўладими?