Бугун янги ҳолатлар 9 ҳудудда - Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Сирдарё, Наманган, Хоразм, Самарқанд, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

Бугунги 87та ҳолатдан 62таси карантин муассасаларидаги фуқаролар орасида, 20таси аҳоли орасида аниқланган, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 5 кишига ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган. 

Аҳоли орасида (+20)
Тошкент шаҳрида аҳоли орасида жами 10та ҳолат аниқланди. Жумладан, Шайхонтоҳур туманидаги «Медиа Парк» савдо мажмуасининг яна 2 нафар ходимида ҳам коронавирус қайд этилган.

Хоразм вилоятида аҳоли орасида 3та ҳолат тасдиқланди ва ушбу вилоят яна коронавирусли ҳудудга айланди. 4 июнь куни Хоразмда биратўла 14 кишида вирус аниқлангани ва вилоятга коронавирус қайтгани ҳақида хабарлар тарқалган, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу маълумотга изоҳ бериб, касалланиш ҳолатлари тасдиқланиши учун яна текширувлар ўтказилиши кераклигини маълум қилганди.

Наманган вилоятида аҳоли орасида 6 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган. Наманганда янги ҳолатлар аниқланмаётган ва вилоят коронавирусдан холи ҳудудга айланишга яқин келганди. Аммо 5 июнь кунидан аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқлана бошлади.

Қашқадарё вилоятида ишловчи 1 қозоғистонликда ҳам вирус аниқланган. Вилоятда даволанишдаги беморлар сони 5 нафарга етган.

Ҳайдовчилар (+5)
Бугунги ҳолатларнинг барчаси Тошкент вилоятида аниқланган - Россиядан чегара пост орқали Ўзбекистонга кириб келган 5 нафар халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчида вирус чиққан.

Карантин (+62)
Навоий вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинган 5 кишида вирус аниқланган. Вилоятда жами ҳолатлар сони 224тага етди, шундан 110 киши соғайиб чиққан.