Жамият | 10:59 / 08.06.2020
16883
2 дақиқада ўқилади

Интернетда видеоси тарқалган тонировка ва мигалкали Gentra жарима майдонига қўйилди

Ижтимоий тармоқларда олди ойналаригача плёнка тортилган, ёруғлик ишоралари ўрнатилган Gentra русумли автомобиль видеоси тарқалди. Ҳолатга Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ойдинлик киритди.

Маълум қилинишича, автомобиль Янгийўл туманида тўхтатилган.

Ҳайдовчи инспектор билан суҳбатда интернетда тарқалган видеони ўз аккаунтига жойлаштиргани, аммо айримлар уни тарқатиб юборганини айтади.

У, шунингдек, тонировка учун рухсатномаси йўқлиги, автомобиль олд қисмига ёниб-ўчувчи кўк чироқлар ўрнатиш мумкин эмаслигидан хабардорлиги ва «ёшлик қилгани»ни айтиб, узр сўраган.

«Қоидабузарга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилди ҳамда транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдонига киритилди», – дейилади хабарда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда енгил автомобилларнинг олд ойналарини қорайтиришга рухсат берилмаган. Орқа ойнани рухсатномасиз, олд ён ойналарни рухсатнома асосида чекланмаган даражада қорайтириш мумкин. Олд ён ойналарни эса рухсатнома асосида ёруғлик ўтказувчанлиги 50 фоиз кам бўлмаган даражада қорайтиришга рухсат берилган.

МЖтКнинг 126-моддасига асосан, кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан тегишли рухсатномасиз фойдаланиш БҲМнинг 25 баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.

127-моддага асосан эса, тегишли рухсатсиз транспорт воситасига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш фуқароларга БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдорларга 3 бараваридан 5 бараваригача жарима билан жазоланади, товуш ва (ёки) ёритиш қурилмалари мусодара қилинади.

Мавзуга оид