Жамият | 17:04 / 09.06.2020
30289
16 дақиқада ўқилади

Қашқадарёдаги ноқонуний кооперацияга мажбурланган фермерлар: ҳокимлик уларни қандай муаммоларга рўпара қилди?

Қарши туман маъмурий судида пахта-тўқимачиликка ихтисослашган «SULTON TEX GROUP» кластерининг туман ҳокимлиги билан судлашув жараёни ниҳоясига етди. Суд кластернинг даъволарини қисман қаноатлантирди.

Ҳокимлик тумандаги 500дан зиёд фермерларга кластер билан ишлашни тақиқлаб, суд қарори билан ноқонуний тузилган деб топилган «SILVER FIBER AGRO KOOPERATSIYASI» МЧЖ (27 апрелда туман ДХМдан рўйхатдан ўтган) билан шартнома тузишга мажбурлагач, фермерларнинг катта қисми қийинчиликларга дучор бўлишган.

Ўз-ўзидан, «SILVER FIBER AGRO KOOPERATSIYASI» МЧЖнинг бирорта техникаси йўқ, фермерларга пахта парваришидаги агротехник тадбирларда ёрдам бера олмайди, фермерлар ишлар кечикаётганидан шикоят қилишмоқда.

Боз устига, уларнинг пластик карточкаларидаги пуллари ҳокимликдаги раҳбарларнинг буйруғи билан ноқонуний тузилган «SILVER FIBER AGRO KOOPERATSIYASI» МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб юборилмоқда.

Қарши туманидаги бир қатор фермерлар пахтани культивация қилиш учун техника тополмаётганидан, пахта парваришидаги агротехник тадбирлар бажарилмай қолаётганидан шикоят қилишмоқда.

Фермерларнинг жуда кўпчилиги туман ҳокимлиги кўзига ёмон кўриниб қолиш ва еридан ажралиб қолишдан чўчишгани учун интервьюга розилик бермай туришибди.

Kun.uz мухбири Шуҳрат Шокиржонов Қарши туманидаги журъатлироқ фермерлардан айримлари билан суҳбатлашди.

«Кластер билан шартномамни бузишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ»

«Анзират» фермер хўжалигида 7 гектар майдонда пахта етиштираётган Анзират Қобилова адвокат билан гаплашилганда, у йил бошида кластер билан тузган шартномаси бўйича ишлашда давом этишга қарор қилганини билдириб ўтди.

Анзират Қобилова

«1998 йилдан буён фермерлик қиламан. 60 ёшга кирдим. Умримнинг 22 йили далада ўтди. Кластер тузилганида бошида биз тушунмасдан жуда чўчидик, лекин бир йил ишлаб билдикки, жуда яхши иш ташкил қилинган экан. Ҳамма техникалари бор экан. Биз фақат далада ишладик. Дори, культивация, ёқилғи, ўғит, кимёвий моддалар доим тайёр.

Биз йил бошида кластер билан шартнома имзолаганмиз. Икки юридик шахснинг шартномасини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бирор жойга кластер устидан шикоят қилганимиз йўқ. Икки ташкилот ўзларининг муаммолари туфайли бизларни сарсон қилиши яхши эмас.

Бу йил деҳқончилик учун жуда оғир йил келди. Кластер билан ишлагани қўйишмаяпти. Кооперация билан ишлашнинг маъноси нима, билмаяпман. 10 кишилик комиссия боради, кўради, лекин бирорта ёрдам йўқ.

Техника йўқ. Катта «Чароғил» ҳудудида 1та ММТП, бирорта техникаси йўқ. Мен нақд пулга хусусий тракторчиларга ялиниб культивация қилдиришим керак. Унга солярка топиб беришим керак. Пулни қаердан топиб бераман уларга? Банк нақд пул бермаса.

Мана ҳозир кимёвий дори сепишим керак. Техника йўқ. 7 гектар жойимга 6 кундан бери одам ишлатяпман. Техника сўрасам, «техника кўп-ку», дейишади. Кўпликка кўп, бариси шахсий бўлгач, мен қаердан пул топиб бераман уларга?

Менинг йил бошида тузган шартномамни ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Адвокатим билан маслаҳатлашдим. Кластер билан шартномам ўз кучида экан. Суддан бошқа четдан бирор киши шартномамни бекор қилиш ҳуқуқига эга эмас экан», деди А.Қобилова.

«Ҳамма нарса яна изидан чиқиб кетди»

«Паризода Рўзиқулова» фермер хўжалиги раиси Бекзод Фармонов 56 гектар ерининг 32 гектарига пахта эккан.

Бекзод Фармонов

«Шунча йилдан бери фермерлик билан шуғулланиб келамиз, ўтган мавсум илк бор кластер билан ишладик, биринчи йилдаёқ фарқини сездик. Ҳамма соҳада тартиб-интизом бўлувди. Порахўрлик, тамагирлик батамом йўқ бўлди. Энг асосийси — ҳамма фермерлар бир назарда кўрилиб, бир хил иш олиб борилаётган эди. Президентимиз айтганидек қилиб ишлаётган эдик. Кластер иши тўхтатилгач, ҳамма соҳа ғала-ғовур бўлиб кетди. Банк соҳасини оласизми, ё бошқа соҳани сўрайсизми.

Мисол учун, банкда азалдан шундай бўлиб келган: ўзимизнинг ҳисобрақамимиздаги пулимизни пул бермасак ололмас эдик. Пул бермасак, иложсиз сарсон бўлиб юраверар эдик. Олаётган пулимизнинг 10-20 фоизидан кечиб қўлимизга пул ушлардик. Ҳаттоки иш ҳақларимизни ҳам.

Ҳозир ғалланинг иш ҳақлариниям шу йўсинда олдим. Ҳозир чопиқчиларга бериладиган пулни нақд пулда беришлари керак, бизга чек ёздиради, ведомость бланка қилдиради, лекин пластик карточкага ташлаб беришмоқда. Ҳамма ҳужжат нақд пул олиш учун тайёрланган бўлса ҳам. Кластер мана шу нарсаларгача тартибга олган эди. Энди яна қайтадан ҳақсизлик бошланди. Ҳамма нарса яна изидан чиқиб кетди», — дейди Бекзод Фармонов.

«Кластердан норози бўлишга ҳаққим йўқ»

«Остонов Шоҳжаҳон Талантович» фермер хўжалиги раиси, 1999 йилдан буён фермерлик қилиб келаётган Манзура Бердиёрова 23 гектар ерда оилавий меҳнат қилиб келмоқда. Бу йил 11,5 гектарга чигит қадаган. Ўтган йили «SULTON TEX GROUP» кластери билан ишлаб, режани 105 фоизга бажарган.

Манзура Бердиёрова

«Пахтамни 2 марта бузиб экдим. Сўнгги марта 17 май куни қайта экдим. Яхши униб чиқмади. Тумандаги агроном ва мутахассислар билан маслаҳат қилдик. Суғориб кўринг дейишди. Суғорганимдан кейин чигит чириб кетди. Акром Орипов ҳам келиб кўриб, нима қилсак экан, деб қолди. Мен 22 йилдан бери пахта экаман. «Июнь ойига ўтдими, энди пахта бўлмайди», дедим. Нима қилишни билмай турибмиз. 20 центнер ҳам ҳосил олиб бўлмайди.

Кластер билан ўтган мавсум ишладик. Жуда миннатдорман Нурбекжондан (Нурбек Эргашев – кластер раҳбари). Вақтида еримни ҳайдаб берди. Сеялка, ўғит, соляркалардан кечиктирмай ёрдам қилиб турди «SULTON TEX». Менинг тумандаги раҳбарларга ҳам эътирозим йўқ. Лекин Нурбекка нисбатан ҳам ҳурматим баланд. У ҳалол бола. Ўзимни тракторимда баллони йўқ эди. Тракторимга ҳам, тиркамаларга ҳам янги баллон олиб келиб берди. Пулларимнинг ҳаммасини тийин-тийингача ташлаб берди. 49 миллион сўм солиқдан қарзим бор эди, уни ҳам ташлаб берди. Нурбекдан қандай норози бўлай? Мен норози эмасман ундан.

Кооперацияси нима эканини билмайман. Ўзимнинг техникаларим билан ишлаяпман», — деди Манзура Бердиёрова.

«Ҳокимда бир қарич тил бор, аммо техника йўқ»

Қарши туманида меҳнат қилаётган фермерлар булар ҳақида Daryo.uz мухбири Отабек Қўлдошевга ҳам гапириб беришган. Масалан, фермер Зоир Турдиқуловнинг айтишича, 12 гектар майдонга экилган пахтаси айни кунда техникага муҳтож. Бироқ на янги тузилган кооперация ёрдам беролади, на ҳоким.

Зоир Турдиқулов. Фото: «Дарё»

«Ўтган йили кластер билан ишлаб, унинг янги техникаларига ишонган ҳолда 76 схема бўйича пахта эккандик. Кластер билан ишламайсизлар, кооперация тузилди, деб мажбурий тарзда шартнома имзолатишди. Бугунги кунга келиб эса биз фермерлар жабр кўряпмиз. Кластер барча техникаларини олиб кетган. Кооперацияда эса на техника бор ва на ишга яроқли бирор ходим.

Кооперация фақат шартнома тузишни билади, холос. Унга эгалик қилаётган эса ҳоким. Тортишадиган, судлашадиган – раҳбарлар, аммо уларни деб пахтамизнинг агротехник тадбирлари бажарилмай қолмоқда», — дейди Зоир Турдиқулов.

Культивация қилинмаган пахта майдони. Фото: «Дарё»

«Али Аҳмад Ҳилол» фермер хўжалиги раҳбари Зоир Турдиқуловнинг маълумот беришича, фермер томонидан бажарилиши лозим бўлган чопиқ ва ягана ишлари бажариб бўлинган. Фақатгина техника бўлса ва культивация ишлари бажарилса, бас.

«Ҳокимда бир қарич тил бор, аммо техника йўқ. Биз фермерлар техника сўраяпмиз, ҳоким ўринбосари Акром Арипов эса техникани қўлда ясаб олинглар, дейди. Ясадик ҳам, лекин бу етарли натижани бермаяпти. Ўзимиз ясаган техника ерга беш сантиметр ҳам ботмаяпти. Ҳолбуки, техника культивация ишларини бажариши учун 30-35 см чуқурликка ботиши керак. Хуллас, ҳокимият ва кластер судлашиш билан овора. Жабрини тортаётган эса биз фермерлар».

Фермернинг айтишича, кооперация билан шартнома тузмаган фермернинг ери тортиб олиниши билан қўрқитилган.

«Кооперация билан шартнома тузмаган фермернинг ери тортиб олинади, дейишди. Олишди ҳам. Ҳаққини талаб қиладиган, ҳақиқатни гапирадиган фермерларнинг ери тортиб олиниб, гунг, соқов, ҳақини талаб қилмайдиган фермерларга берилди. Қанчадан қанча ер қолиб ҳам кетди. Ҳозиргача экин экилмай, қаровсиз ётибди», — дейди Зоир Турдиқулов.

«Далалар культивациясиз қолиб кетди»

«Салимов Абдужаббор» фермер хўжалиги раҳбари Алим Йўлдошевнинг маълумот беришича, 20 гектар майдонга экилган пахтаси ҳалигача культивация қилинмаган.

Алим Йўлдошев. Фото «Дарё»

«Кластерга ишониб, унинг техникалари ёрдамида 76 схема бўйича пахта эккан эдик. Бугунги кунга келиб эса биров аҳволимиз билан қизиқмаяпти, — дейди Алим Йўлдошев. — Пахтанинг агротехник тадбирлари кечикяпти. Ҳоким ўринбосаридан ёрдам сўрадик, аммо натижа йўқ. Шартнома қилган бўлсанг, техникани ҳам топ, дейди. Туман бўйича 76 схемада экилган пахтани культивация қиладиган техника йўқ. Кооперация эса шартнома тузиш учунгина келиб кетганди. Унда на техника бор, на раҳбар».

Фермерлар 76 схема бўйича пахта экилганини кластер имконияти билан изоҳламоқда.

«76 схема бўйича экилган пахтани терим машиналарида териб олиш имконияти бор, терим пули арзон бўлади, дейишгани учун шундай эккандик. Бугунги кунда эса қийин аҳволда қоляпмиз», — дейди фермерлар.

Фермерларнинг айтишича, кооперация билан ишлай бошлаганидан сўнг нафақат техникада, балки ўғит олишда ҳам муаммога дуч келинмоқда.

«Уч кундан бери ўғитга бораман, аммо ололмайман. Ҳокимиятга чиқсак, муаммо эмас, беради, дейишади. Ўғит учун берилган Humo картамдаги 14 миллион сўм пулни эса кооперацияга ўтказиб юборишибди. Пулини аллақачон олишса-да, ўғит беришмаган», — дейди Алим Йўлдошев.

«Ўғит тополмай сарсонман»

«Калий ўғитини тополмай сарсонман. Ўғит учун борсам, калий йўқ, дейишди. Кейин фермерлардан бирида бор экан, алмашиб турайлик, деб олдим», — дейди «Аюбжон-Динара» фермер хўжалиги раҳбари Юнус Ҳақбердиев.

Юнус Ҳақбердиев. Фото: «Дарё»

«Қўшиб ёзиш яна авж олди»

«Ўроқова Гулчеҳра Носировна» фермер хўжалиги раҳбари Гулчеҳра Носированинг айтишича, фермерларга ўғит бераётган масъуллар қўшиб ёзишни одат қилган.

Гулчеҳра Ўроқова. Фото: «Дарё»

«Ўғит олиб келишга борсак, ўша ерда ўтирган масъуллар 100 кило қўшиб ёзади. Масалан, 5 тонна ўғит олсак, 5 тонна 100 кило қилиб ёзишади. Кооперация янги тузилган бўлса-да, ўғит беришга масъуллар – эски «бўрилар». Кластернинг эса эгаси бор эди, ҳар бир ҳолат назоратда ушлаб туриларди. Бунақа талон-торож қилишмасди», — дейди Гулчеҳра Ўроқова.

«Пулимиз рухсатсиз кооперацияга ўтказилмоқда»

Алим Йўлдошевнинг айтишича, ҳоким топшириғига кўра фермерларнинг шахсий пластик картасидаги пуллар уларнинг рухсатисиз кооперацияга ўтказиб юборилган.

«Болта ака деган банк ходимидан «пластик картамдаги пул қани?» деб сўрасам, ҳоким топшириғи билан фермерларнинг пластик картасидаги пуллар кооперацияга ўтказиб берилганлигини айтди, — дейди Алим Йўлдошев. — Энг ажабланарлиси, фермерга пахта учун кредит беришади-ю, пулни фермер рухсатисиз ўзгалар сарф қилишади. Биздан умуман сўраб ҳам ўтиришмайди. Аммо ҳоким топшириғи билан сарф қилинган ўша пулларни охирида биз тўлаймиз. Хуллас, пул бизнинг номимизга чиқади, тасарруф қилувчилар бошқа бўлади».

«Чопиқ ва яганага маблағ кам ажратилмоқда»

«Мунавварбону» фермер хўжалиги раҳбари Гуляра Чўллиеванинг айтишича, кооперация чопиқ ва ягана ишлари учун кам маблағ ажратмоқда.

Гуляра Чўллиева. Фото: «Дарё»

«Кооперация билан мажбуран шартнома имзолатишгани етмагандек, чопиқ учун гектарига 100 минг сўмдан беришяпти. Биз эса гектарига 300-400 минг сўмдан харажат қиляпмиз. Берилган пул етмаяпти», — дейди Гуляра Чўллиева.

«Аюбжон-Динара» фермер хўжалиги раҳбари Юнус Ҳақбердиевнинг айтишича, кооперация ўз вазифасини бажаришга қодир эмас.

«Кооперация нафақат чопиқ учун кам пул беряпти, энг асосий иши техника масаласида ҳам ёрдам беролмаяпти. Ўтган йили трактор сотиб олгандим. Эскилиги учун иш бермаяпти. Далага чиққан трактор ҳеч қанча иш бажармай, даланинг ўзида бузилиб қоляпти. Ишлар эса қолиб кетяпти», — дейди Юнус Ҳақбердиев.

«Кластер даврида тракторларимиз бузилса ёки ёрдам керак бўлса, ўз вақтида далага олиб келишарди. Биз даладан чиқмай ишлардик. Ҳозир эса далага киришга вақт йўқ. Гоҳ тракторга эҳтиёт қисм олиб келишга, гоҳ ёқилғига, ўғитга деб кўчадан бери келмай қолдик. Дала ишлари эса қолиб кетяпти», — дейди «Мунавварбону» фермер хўжалиги раҳбари Гуляра Чўллиева.

«Ёқилғини ҳам етказа олишмаяпти»

«Матниёз Баҳодир» фермер хўжалиги раҳбари Ислом Норқуловнинг айтишича, чопиққа кам пул берилишидан ташқари фермерларга етарли даражада ёқилғи ҳам берилмаяпти.

Ислом Норқулов. Фото: «Дарё»

«Кунига 30 литр солярка беришяпти. Техникаларимиз бу солярка билан ҳеч қанча вақт ишламайди. Етарлича беринглар десак, тугаб қолди, эртага берамиз, дейишади. Дала ишлари кутиб турмайди-ку?! Ўтаётган ҳар бир кун фермерлар учун ғанимат».

«Бой фермерлар қийналаётгани йўқ»

«Ғиёс Ислом» фермер хўжалиги раҳбари Ислом Жумаев фермерларнинг чопиқ учун кам пул бериляпти, деган гапларини рад этди.

Ислом Жумаев. Фото: «Дарё»

«Кооперация пахта чопиғи учун гектарига 200 минг сўмдан кўп пул беряпти, — дейди Ислом Жумаев. — Чопиқ учун пул бўйича менда муаммо бўлмади. Техника борасида эса кооперацияга ишим тушмади. Чунки ўзимнинг техникаларим етарли.

«Кластер билан ишлашда давом этмоқдаман»

Тумандаги «Аgro gold» фермер хўжалиги раҳбари Бекзод Тошев кооперация билан шартнома тузилган бўлса-да, ҳалигача кластер билан ишлаётганини айтмоқда.

Бекзод Тошев. Фото: «Дарё»

«Кооперацияда фақат муҳр ва тамға бор. Бошқа ҳеч нарса йўқ. Кооперация билан менинг фермер хўжалигимнинг фарқи йўқ. Унда бор муҳр менда ҳам бор. Ҳар иккаламизда ҳам техника йўқ. Шундай экан, кооперация билан ишлашдан фойда йўқ. Пулга бўлса-да, келишиб кластер техникаларидан фойдаланяпмиз», — дейди Бекзод Тошев.

Фермер кооперациянинг иш фаолиятига шубҳа билан қарамоқда.

«Кооперация ходимлари вазифаси ва қиладиган ишларини ҳалигача тушуниб етмаган кўринади. Мен билан шартнома тузиш учун икки нафар ходими даламга келди, саволларимга жавоб олмоқчи бўлиб, муаммоларни айтдим. Аммо ўзлари ҳам ҳали тушуниб етмаган экан, «ака бизга ойлик тўлашяпти, биз ишлаяпмиз», дейишди. Аммо ходимлар вазифаси нимадан иборат эканлигини ҳалигача билишмайди», — дейди фермер Бекзод Тошев.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид