Агентлик «давлат объектлари ҳеч қандай тендерсиз хусусий секторга ноль қийматида бериб юбориляпти, деган асоссиз фикрларни қамраб олган турли материаллар» тарқаганини иддао қилади.
«Сквер»даги йирик бинолар ҳеч қандай тендерсиз ноль қийматда хусусийлаштирилмоқда
«Шаҳар кўркини бузиб турган бинолар»
Аввало, агентлик мақолада таъкидланган вазиятни инкор этмаган. Амир Темур хиёбони яқинидаги, ноль қийматда ва танловсиз хусусийлаштирилиши кутилган икки бино эса «шаҳар кўркини бузиб тургани»ни билдирган.
«Агентликка айнан ушбу объектларга «Forsa Barsa» МЧЖ томонидан 5 йил муддат ичида 15 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш, уларни тўлиқ реконструкция қилиш мажбуриятини олган ҳолда объектлар негизида гастроль-концерт фаолиятини ташкил этиш ва камида 150та янги иш ўрнини яратиш шарти билан тўғридан-тўғри сотиб олиш бўйича мурожаат келиб тушган. Лекин бу таклифлар рад этилган. Ушбу объектлар оммавий савдолар орқали сотилади. Ва энг яхши таклиф берган инвестор унга эга бўлади», – дейилади раддияда.
Аммо маълум бўлишича, Давлат активларини бошқариш агентлигининг ўзи биноларни юқоридаги шартлар билан хусусийлаштириш бўйича ҳукуматга ҳужжат лойиҳасини тақдим этган. Унинг таклифлари эса Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан рад этилган.
«Ушбу фармойиш лойиҳаси «Рақобат тўғрисида»ги ва «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонунлар талабларига мослаштирган ҳолда ва тенг рақобат муҳитини яратиш мақсадида объектни танлов савдолари орқали хусусийлаштириш талаби киритилгандан сўнг қабул қилиниши лозим ҳисобланади», – дейилади Монополияга қарши курашиш қўмитаси тайёрлаган хулосада.
Бундан кўринадики, Давлат активларини бошқариш агентлиги аслида қонун талабларини бажармай, халқ манфаатларига зид равишда биноларни хусусийлаштириш таклифини илгари сурган. Аммо раддияда бу ҳақда маълумот аниқлаштирилмаган, аниқроғи агентлик ўз фаолиятидаги камчиликларни ошкор этмасликни маъқул топган.

















