2019 йилда "Кварц" АЖ акциялари яна бир бор давлат улушини (SPO) сотиш учун фонд биржасига қайтади, обуна кампанияси натижаси эса 101,4% ташкил қилади.

Тадбир Freedom Finance томонидан "Тошкент" Республика фонд биржаси билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги кўмагида, Ўзбекистон Республикаси капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг тавсияларига биноан ташкил этилди.

"Эмитент куни" коронавирус пандемияси туфайли чекловлар сабаб биринчи бор интернет орқали онлайн тарзда ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978 сонли фармонига биноан, акциядорларнинг 2019 йил якунлари бўйича йиллик умумий йиғилишлари ва аудиторлик текширувларини 2020 йил 1 октябргача, шунингдек, видеоконференцалоқа режимида ўтказишга рухсат берилди.

Эмитентлар кунида заводнинг бугунги ҳолати ва унинг ривожланиш истиқболлари тўғрисида маълумот берилди, маърузачилар шунингдек фонд бозоридаги сўнгги воқеаларни муҳокама қилдилар ва инвесторларнинг саволларига жавоб бердилар.

"Тошкент" РФБ бошқаруви раиси Бекзод Усмонов кириш сўзи билан фонд бозорини ривожлантиришнинг ҳозирги босқичида шаффофлик зарурлигини таъкидлади:

"Бугунги кунда "Кварц" АЖ фонд бозорида энг фаол эмитентлардан бири ҳисобланади. Фаоллик ҳақида гап кетганда, бу нафақат қимматли қоғозларнинг биржа савдосида иштирок этишини, балки унинг акциядорлари ва инвесторлари учун корпоратив ҳаракатларнинг шаффофлигини таъминлашни ҳам англатади. Биз ҳаммамиз заводнинг қимматли қоғозларини иккита оммавий таклифини эслаймиз: 2018 йилда IPO ва 2019 йилда SPO. Road Show давомида завод вакиллари фонд бозори профессионал иштирокчилари ва сармоядорлар билан очиқ тарзда суҳбатлашдилар".

"Кварц" АЖ бошқаруви раиси в.б. Акмал Бўриев йиғилганларни корхона фаолияти билан таништирди, 2019 йил якунлари ва келгуси ривожлантириш режалари ҳамда янги флоат линия қурилиши ҳақида батафсил гапириб берди:

"Қурилиш якунланиши ва маҳсулот ишлаб чиқарилиши 2020 йил 4-чорагида режалаштирилган, шундан кейин соф фойда 2-3 мартага ошиши кутилмоқда. Коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқироз иқтисодиётнинг кўп соҳаларига таъсир кўрсатди, шиша ишлаб чиқариш ҳам бундан мустасно бўлмади. Маҳсулотларнинг нархи ва талаби пасайди. Карантин логистика тизимида узилишларни келтириб чиқарди, бу эса завод омборида ишлаб чиқарилган шиша маҳсулотларининг тўпланишига олиб келди. Аммо бу вазиятда, ишлаб чиқариш ҳажми пасаймади ва ишлаб чиқариш жараёни ҳам тўхтамади. Агар талаб пандемиядан олдинги даражага қайтса, маҳсулотимиз нархи ҳам ошади. Бунга шиша импортида имтиёзларни бекор қилиш ва чеклаш ёрдам бериши мумкин".