Президентнинг “Қўнғирот” ва “Дўстлик” эркин савдо зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидаги эркин савдо зоналар (ЭСЗ) ташкил этилади:

“Қўнғирот” эркин савдо зонаси – Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида Туркманистон билан чегарадош ҳудудида;

“Дўстлик” эркин савдо зонаси – Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудудида.

ЭСЗнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

товарлар савдоси учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш, шу жумладан консигнация омборларини, товарларга ишлов бериш, уларни ўраб-жойлаш, саралаш, сақлаш учун майдончаларни ташкил этиш.

халқаро ва минтақавий улгуржи ҳамда чакана замонавий савдо форматларини ривожлантириш;

чегара ҳудудларида логистика хизматларининг тўлиқ спектрини ривожлантириш;

кўргазмалар фаолиятини ривожлантириш орқали мамлакатлар бизнесининг ҳудудлараро кооперациясини яхшилаш;

чегара ҳудудларида аҳоли фаровонлигини ошириш ва иш ўринларини яратиш;

терминал ва транспорт фаолиятларини, тиббий ва молиявий хизматларни, кўнгилочар, меҳмонхона ва ресторан бизнесини, тижорат хизматлар инфратузилмасини ташкил этиш.

Белгиланишича, ЭСЗ:

савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик мажмуаси ҳисобланиб, қўшни давлатлар ривожланишининг ижтимоий-иқтисодий хусусиятларини ҳисобга олиш тамойилларига, давлатлараро муносабатларнинг хусусиятига ва тарихий шаклланган алоқаларига, шунингдек, чегара ҳудудларини ривожлантириш учун табиий ресурс ва инфратузилма шароитларига асосланади;

ҳудудларида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш лойиҳа ташаббускорлари, тўғридан-тўғри инвестициялар, Халқаро молия институтлари ҳамда тижорат банклари кредитлари ва бошқа Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

фаолият юритиши муддати, кейинчалик уни узайтириш имконияти билан 30 йил муддатга ташкил этилади;

ҳудудидаги ер участкалари ЭСЗ дирекциялари тасарруфида туради ва ЭСЗ иштирокчиларининг фойдаланиши учун махсус иқтисодий зоналар маъмурий кенгашларининг қарорлари асосида берилади;