Ўзбекистон | 08:12 / 20.06.2020
6371
3 дақиқада ўқилади

Фарғонада Аи-92 бензини ишлаб чиқарилади

2023 йил 1-июлдан бошлаб, “Евро-5” тоифасига мансуб, экологик талабларга жавоб берадиган АИ-92 бензини ва дизель ёқилғисини ишлаб чиқаришга киришиш режалаштирилган.

“Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ 2020 йилнинг 7 мартида “Jizzakh Petroleum” МЧЖ ҚКнинг ишончли бошқарувига ўтиб, модернизациялаш бўйича тасдиқланган лойиҳага мувофиқ умумий бюджети 300 миллион долларга баҳоланадиган, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларни реконструкция қилиш ва янги қувватларни барпо этишга киришди. 

Энергетика вазирлиги хабарига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 февралдаги 67-сонли “Фарғона НҚИЗ” МЧЖ қувватларидан самарали фойдаланиш ва заводни модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, қуйидаги устувор вазифалар белгиланган:

2023 йил 1-июлдан бошлаб, замонавий, “Евро-5” тоифасига мансуб экологик талабларга жавоб берадиган АИ-92 бензини ва дизель ёқилғисини ишлаб чиқаришга киришиш; 

халқаро стандартларга мос бўлган асос ва мотор мойларини ишлаб чиқариш учун заводнинг мой ишлаб чиқариш блокини модернизация қилиш.

Корхонада 2020-2023 йиллари давомида лойиҳалаш, жиҳоз ва материалларни харид қилиш, хамда юқори концентрацияли водород ишлаб чиқариш, енгил нафта изомеризацияси, вакуум дистиллятлари гидрокрекинги каби янги қурилмаларни қуриш, созлаш ва ишга тушириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, модернизация дастури доирасида мавжуд бўлган дизель ёқилғисини гидродесульфуризациялаш қурилмаси, нафта-блоки қурилмалари, замонавий асос ва мотор мойлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун мой ишлаб чиқариш блоки хамда сув ва буғ таъминоти тизимларида реконструкция ишлари амалга оширилиб, мавжуд каталитик тизимлари замонавийларига алмаштирилади.

Нефтни чуқур қайта ишлаш технологияларига эга бундай заводларнинг аксариятида гидрокрекинг жараёнининг мавжудлиги муҳим аҳамиятга эга. Нефтни қайта ишлашни чуқурлаштириш билан бирга, гидрокрекинг жараёни корхоналар технологик схемасининг мослашувчанлигига таъсир кўрсатувчи ва ишлаб чиқарилаётган товар маҳсулоти сифатини оширувчи асосий жараён ҳисобланиб, хом ашёни қайта ишлаш ва маҳсулот ишлаб чиқаришда янги даражага эришишга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид